Росатом Ленинград музқорар кемаси учун биринчи РITМ-200 реакторини тайёрлади

Росатом давлат корпорацияси Ленинград атом музқорар кемаси учун мўлжалланган биринчи РITМ-200 ядровий реакторини ишлаб чиқарди. Назорат йиғилиши 2026-йил 14-май куни Москва вилоятидаги ЗиО-Подолск заводида якунланди. Бу реактор қурилмасини тайёрлашнинг якуний босқичи бўлиб, унда барча қисмлар юқори аниқлик билан йиғилади ва маҳсулот кемага ўрнатишга тайёр ҳолга келтирилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ленинград музқорар кемаси 2024-йил январ ойида кемасозлик заводида қурила бошлаган эди. Мазкур реактор Россия атом саноати мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилган РITМ-200 сериясидаги 13-қурилма ҳисобланади. Айни пайтда ушбу туркумдаги яна 15 та қурилма ишлаб чиқаришнинг турли босқичларида турибди.
Росатом маълумотларига кўра, Ленинград кемасининг энергетик тизими иккита РITМ-200 реакторидан иборат бўлади. Иккинчи реактор ҳозирда гидравлик синовларга тайёрланмоқда, унда корпуснинг мустаҳкамлиги ва герметиклиги юқори босим остида текширилади. Шундан сўнг унинг ҳам назорат йиғилиши амалга оширилади.
РITМ-200 Россия атом музқорар флоти учун мўлжалланган энг янги ва ихчам ядровий реактордир. У аввалги ечимларга қараганда анча кучли, шу билан бирга 1,5 баробар ихчамроқдир. Бу 22220-лойиҳасидаги музқорар кемаларга ҳам қалин музликларда, ҳам шимолий дарёлар ўзанларида самарали ишлаш имконини бериб, Шимолий денгиз йўли орқали юк ташиш самарадорлигини оширади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!