date

Honor смартфонларида скриншот билан боғлиқ ғалати хатолик юзага келди

Honor смартфонларида скриншот билан боғлиқ ғалати хатолик юзага келди

Huawei Централ нашрининг хабар беришича, кўплаб Honor смартфонлари эгалари ноодатий техник носозликдан шикоят қилмоқдалар. Фойдаланувчилар скриншот олмоқчи бўлганларида, қурилма экранида кутилмаганда “Хотирада жой етарли бўлмагани сабабли скриншотни сақлаб бўлмайди” деган тизим хабарномаси пайдо бўлмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Ушбу муаммо Honor брендининг турли моделларида, жумладан, нисбатан эски Honor 90 дан тортиб энг сўнгги Honor 600 моделигача кузатилмоқда. Носозлик кўламига кўра, муаммо қурилманинг ўзида эмас, балки тизимнинг сервер ёки булутли қисми билан боғлиқ эканлиги тахмин қилинмоқда.

Фойдаланувчилардан бири галерея иловаси кешини тўлиқ тозалагани ва 3500 дан ортиқ эски скриншотларни қўлда ўчириб ташлаганига қарамай, хатолик йўқолмаганини маълум қилди. Ҳозирча хотирани тозалашнинг стандарт усуллари ёки смартфонни қайта юклаш ушбу муаммони ҳал қилишга ёрдам бермаяпти.

Қизиқарли жиҳати шундаки, ушбу сохта хатолик хабари фақат скриншот олиш учун стандарт экран ишорасидан (жест) фойдаланилганда юзага келмоқда. Шу билан бирга, бошқа воситалар — узун скриншот олиш, бармоқ бўғимлари билан бажариладиган махсус ишоралар ва экрандан видео ёзиш функциялари одатдагидек ишламоқда.

Энг асосийси, экранда пайдо бўлаётган огоҳлантириш хабарига қарамай, олинган скриншот барибир қурилма хотирасига муваффақиятли сақланмоқда. Honor компанияси ҳозирча ушбу хатолик юзасидан расмий изоҳ бермади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Honor смартфонларида скриншот билан боғлиқ ғалати хатолик юзага келди