Intel, AMD ва NVIDIA ўрнига: Хитой ўзининг сунъий интеллект чиплари рўйхатини тасдиқлади

Хитой ҳукумати давлат тузилмалари ва йирик давлат компанияларида фойдаланиш учун тўққизта маҳаллий сунъий интеллект (AI) тезлаткичларини расман маъқуллади. Расмийлар Ғарб технологияларидан босқичма-босқич воз кечиш ва NVIDIA каби Америка компанияларига қарамликни камайтириш мақсадида "рухсат этилган" чипларнинг махсус рўйхатини шакллантирди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Сертификатлаштириш жараёнидан Huawei ва Алибаба каби Хитойнинг энг йирик IT-гигантлари ишлаб чиққан маҳсулотлар муваффақиятли ўтди. Рўйхатга Huawei Ассенд 310 ва Ассенд 910, шунингдек, Алибаба компаниясининг Т-Ҳеад Женву М530 ва М890 ечимлари киритилди. Бундан ташқари, Бирен Течнологй, Ҳйгон, Илуватар КореХ, MetaХ ва Мооре Threads ишланмалари ҳам фойдаланиш учун рухсат олди.
Янги сертификатлаш тизими Хитойнинг стратегик муҳим IT-тизимларини ўз ускуналари ва дастурий таъминотига ўтказиш бўйича давлат дастурининг бир қисмидир. Эндиликда айнан ушбу чиплар давлат харидлари, маълумотлар марказлари ва сунъий интеллект билан боғлиқ лойиҳаларда устувор аҳамиятга эга бўлади. Қизиғи шундаки, Камбрикон ва Кунлунхин каби йирик ўйинчилар ҳозирча рўйхатда кўриниш бермаган.
Хитойлик ишлаб чиқарувчилар ички бозорда NVIDIA ўрнини жадал эгалламоқда. 2025-йил якунларига кўра, маҳаллий компаниялар 1,65 миллион дона AI-тезлаткич етказиб бериб, Хитой сервер бозорининг 41 фоизини эгаллади. Биргина Huawei 800 мингдан ортиқ чип сотишга эришди. Бироқ, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамон асосий муаммо бўлиб қолмоқда, чунки деярли барча ишлаб чиқарувчилар СМИК заводларига боғланиб қолган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!