КАТЛ Европада улкан натрий-ионли энергия омборларини барпо этади

Хитойнинг аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компанияси КАТЛ ва Европанинг энергетик ечимлар етказиб берувчи Алфен корхонаси стратегик ҳамкорликни эълон қилди. Мазкур келишув доирасида бутун Европа бўйлаб умумий қуввати 5 ГВ·соатга тенг бўлган Тенер Содиум тизимидаги энергия сақлаш омборлари барпо этилади. Бу лойиҳа натрий-ион технологиясини тижорий мақсадларда кенг кўламда жорий этиш бўйича дунёдаги энг йирик ташаббуслардан бири бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Лойиҳа доирасидаги илк объектлар 2027-йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, КАТЛ ва Алфен 2023-йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади, бироқ шу вақтга қадар фақат литий-ионли батареялардан фойдаланиб келинган. Натрий-ионли технологияга ўтиш литий хомашёсига бўлган қарамликни камайтириш ва бозор нархларининг ўзгарувчанлигидан ҳимояланиш имконини беради.
Техник имкониятлар ва чидамлилик
Тенер Содиум тизимининг асосий устунлиги унинг узоқ муддатли хизмат кўрсатишидадир. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, ушбу батареялар 15 000 иш сиклига мўлжалланган бўлиб, бу тахминан 25–30 йиллик эксплуатацияга тенгдир. Энг муҳими, шунча вақт ўтгандан кейин ҳам аккумуляторлар ўзининг дастлабки сиғимини камида 70 фоиз даражасида сақлаб қолади.Янги архитектура 690 В кучланишни таъминлайди ва энергияни қайта ишлаш самарадорлигини деярли 2 фоизга оширади. Тизимнинг ўз эҳтиёжлари учун сарфлайдиган энергия миқдори эса 1 фоизгача туширилган — бу соҳадаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кам демакдир. ixbt.com хабарига кўра, ушбу технология энергия йўқотишларини сезиларли даражада камайтиради.
Ҳароратга чидамлилик ва хавфсизлик
Натрий-ионли аккумуляторлар экстремал об-ҳаво шароитларида ҳам барқарор ишлаши билан ажралиб туради. Улар -20 °К совуқда ҳам ўз сиғимининг 92 фоизидан кўпроғини сақлаб қолади. Иссиқ иқлим шароитида эса, хусусан +45 °К ҳароратда қўшимча совутиш тизимисиз 10 000 дан ортиқ сиклга бардош бера олади. Бу хусусият Ўзбекистон каби кескин континентал иқлимга эга ҳудудлар учун ҳам келажакда жуда истиқболли ечим бўлиши мумкин.Алфен бош директори Майкл Коулйннинг сўзларига кўра, натрий-ионли батареялар энергия сақлаш соҳасидаги навбатдаги қадам бўлиб, улар янада диверсификацияланган ва барқарор тизимни шакллантиришга хизмат қилади. КАТЛ вакили Тан Либин эса ушбу технология Европанинг "яшил" энергетикага ўтиш жараёнини тезлаштиришини ва мижозлар учун ўзгача қиймат яратишини таъкидлади.
Ушбу ҳамкорлик нафақат технологик янгилик, балки глобал энергетика бозорида литийга муқобил арзонроқ ва хавфсизроқ хомашё манбаларига ўтишнинг муҳим босқичидир. Келажакда бундай йирик лойиҳалар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини бутунлай янги босқичга олиб чиқади.






























Изоҳлар 0
…