17:53 / 29.05.2022
1 141

Оёқларнинг шикастланишига олиб келадиган пойабзал турлари

Оёқларнинг шикастланишига олиб келадиган пойабзал турлари
Фото: «Новий очаг»
Оёқ кийимдаги асосий нарса нима — гўзалликми ёки қулайлик? Гўзаллик ва мода услуби биринчи ўринда туради деб ўйлайдиганларга «Новий очаг» нашри унинг оқибатларини маълум қилди.

Баланд пошнали туфлилар

Оёқ саломатлигига баланд пошналардан кўра салбий таъсир ўтказадиган зарарли нарса йўқ. Бу, албатта, баландлиги 6 сантиметрдан юқори пошналар учун тааллуқли. Сўровларга кўра, аёлларнинг тахминан 10 фоизи ҳафтасига 3 марта ёки ундан кўпроқ пошнали туфли кияди. Уларнинг орасида иштирокчиларнинг 30 фоизидан ортиғи пошнали туфли кийганлиги сабабли камида бир марта жароҳатланган. Кўпинча улар оёқ қайрилиши натижасида жароҳат олган. Баланд пошнали пойабзалда мукаммал юрадиганларда ҳам пошна бирор бир тирқиш ёки эскалатор бўшлиғига тиқилиб қолиш эҳтимоли ҳар доим мавжуд.

Аммо бу жароҳатланишлар баланд пошнали пойабзалнинг ягона камчиликлари эмас. Уларнинг салбий жиҳати шундаки, улар аста-секин ва сезилмас тарзда оёқ шаклини ўзгартиради. Асосий юк унинг олд қисмига тушади. Юк ҳаддан ташқари кўпайса, мушаклар бунга бардош бера олмайди. Айниқса, бундай пойабзал билан кун бўйи юрилса, зўриқиш кучаяди. Натижада қуйидаги муаммолар пайдо бўлади:

- «косточка» — бош бармоқ бўғимнинг деформацияси ва силжиши натижасида оёқнинг ички юзасида чиқадиган жойлар;
- қадоқ ва ёриқ;
- ясси оёқлик.

Узоқ вақт давомида баланд пошнали пойабзал кийиш билан оёқ мушаклари қисқаради, бел қисмида оғриқ пайдо бўлади ва варикоз томирлари хавфи ортади. Кўпинча бўйин остеохондрози ривожланади, сўнгра миянинг қон таъминоти ёмонлашади, доимий бош оғриғи ва айланиши кузатилади. Бундан ташқари, бундай пойабзал кийган аёллар орасида тосда доимий оғриқлар ва репродуктив функциянинг бузилиши туфайли бачадоннинг эгилиши хавфи юқори бўлади.

Аммо, баланд пошнали пойабзаллар тантанали маросимлар учун яхши танловдир ва уларни бир вақтнинг ўзида 3-4 соатдан ортиқ киймаслик керак. Бошқа ҳолларда, 3-4 сантиметр баландликдаги меъёрий пошнада ҳаракатланиш мақсадга мувофиқ.

Ички қисми тор пойабзаллар

Кенг пойабзалда оёқ бармоқлари ўзини эркин ҳис қилади. Оёқ бармоқлари жойлашган қисм тор бўлса, бу бармоқ учун жуда зарарли. Кўпинча, ҳар куни бундай пойабзал кийиш бош бармоқ деформациясининг шаклланишига ёрдам беради. Бўртиб ёки қийшайиб кетиш аста-секин ён томонга ўтади. Натижада вазият фақат оғирлашади. Пойабзалда сиқилган бармоқлар яллиғланиши ҳам мумкин. Биринчи бармоқ бир вақтнинг ўзида иккинчиси томонга силжийди. Натижада, улар орасида механик ишқаланиш ҳам пайдо бўлади. Буларнинг барчаси оғриқ билан бирга келади ва фақат жарроҳлик усуллари билан даволанади.

Шунинг учун пойабзал қанчалик чиройли бўлмасин, бармоқлар сиқилиб қолса, уларни сотиб олмаслик керак. Фақат ички қисми кенг, бармоқлар эркин ҳаракатланадиган пойабзалларни танлаш тавсия этилади.

Текис таглик

Айниқса, қиш ва эрта баҳорда таглиги силлиқ бўлган пойабзал кийиш — йиқилиш ва жиддий жароҳат олишнинг энг яхши усули. Бундай оёқ кийим ёки ботинкаларни сотиб олиш зинапоядан пастга тушишни, эндигина ювилган полда югуришни экстремал спортга айлантирмоқчи бўлганлар учун мосдир.

Аммо, бу каби оёқ кийимларнинг таги ғадир-будур бўлиши керак. Агар таглик сирпаниб кетса, уларни гарчи чиройли бўлса ҳам сотиб олиш тавися этилмайди.

Юпқа таглик

Кўп аёллар балетка кийишни яхши кўради. Улар қулай бўлиб, бармоқларга зарар етказмайди. Лекин жуда юпқа таглик зарур амортизация хусусиятларига эга эмас. Бу тизза, умуртқа поғонаси ва бўксанинг зўриқишига сабаб бўлади. Шунинг учун, ҳар куни сезилмайдиган, аммо юпқа тагликли пойабзалда юриш оёқлар яссилиги, товонларнинг ёрилиши, бел чурраси ва артрозга олиб келади.

Платформа оёқ кийимлар

Кўпинча аёллар баланд пошнали пойабзалга альтернатив сифатида платформани танлайди. Улар шу йўл билан оёқларини шикастламасдан баланд кўриниши мумкинлигига ишонади. Бунда қандайдир ҳақиқат бор. Лекин платформа пойабзал ҳам тўғри танланган бўлиши керак. Ҳеч қандай ҳолатда у текис бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда, оёқнинг табиий биомеханикаси бузилади, мушакларнинг чарчаши ва оёқларда қон айланишининг бузилиши пайдо бўлади. Оёқ, тиззалар азобланади, варикоз томирлари ривожланиши мумкин. Шунинг учун платформа ҳам бироз эгрироқ бўлиши керак.

Оёқларни соғлом сақлаш учун нима қилиш керак?

Маълм бўлганидек, оёқларни, шунингдек, бел, бўйин ва организмнинг бошқа қисмларига зарар берадиган кўплаб турдаги пойабзаллар мавжуд. Нима қилиш керак? Ечим аниқ: иложи борича камроқ носоғлом пойабзал кийиш. Чиройли туфлиларни вақти-вақти билан муҳим жойларга кийиш мумкин, лекин ҳар куни маликадек кўриниш шарт эмас. Агар оёқларни соғлом сақлашни истасангиз, қулайликни афзал кўриш керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Оёқларнинг шикастланишига олиб келадиган пойабзал турлари