22:55 / 26.06.2023
167

Нега бош оғриғи ёзда кўпроқ кузатилади?

Нега бош оғриғи ёзда кўпроқ кузатилади?

Орамизда бош оғриғи нима эканини билмайдиган одам бўлмаса керак. Статистик маълумотларга кўра, дунёнинг 90 фоиз аҳолиси бир марта бўлса-да, бош оғриғи билан тўқнаш келган. Ёнида доим оғриқ қолдирувчи дори олиб юрадиганлар сафи кенгайиб бораётгани, уйдаги дори қутида бош оғриғини қолдирувчи воситаларнинг камида икки тури захирада туриши ҳам статистикани тасдиқлайди.

Бош оғриғини келтириб чиқарувчи сабаблар кўп. Аксарият касалликларнинг биринчи белгиси ёки стресс, уйқусизлик, чарчоқ ҳам бош оғриғини пайдо қилади. Ҳатто оғриқ фаслга қараб, ўзгариб туриши ҳам мумкин. Масалан, ёзда одамлар бош оғриғидан кўпроқ шикоят қилади. Буни бир нечта сабаблари бор.

Ёз кунларида бош оғришининг асосий сабаби – организмнинг сувсизланиши. Суюқлик етишмаслиги сабабли мияда қон айланиши ёмонлашади. Катта одам танасининг 70 фоизини сув ташкил қилади, мия хужайраларининг 90 фоизи эса сувдан иборат. Шунинг учун иссиқ ҳавода танамиз нормал ишлаши учун етарли миқдорда сув ичиш муҳим. Етарли миқдор деганда, соғлом одам 2-2.5 литр тоза сув ичишни тушуниш керак. Бироз чарчоқ ва бош оғриғи бошланаётганини сезсангиз, дарҳол 2-3 пиёла тоза сув ичинг.

Иссиқ ҳавода кислород кам бўлади, кислород етишмаслиги эса бош оғриғини пайдо қилади. Бу фақатгина кўчадаги иссиқ ҳарорат билан боғлиқ эмас. Масалан, хона ичида кондиционер ёқиб, ҳаво ўтказмайдиган пластик эшик-деразаларни зич ёпиб бир неча соат ўтирсангиз ёки туни билан ухласангиз ҳам сизни чарчоқ, ланжлик ва бош оғриғи енга бошлайди. Чунки хонада кислороддан кўра карбонат ангидрид миқдори ошиб, нафас олинганда қон билан мияга ҳам етиб борган бўлади.

Бир гуруҳ америкалик олимлар карбонат ангидриднинг юқори концентрацияси инсоннинг когнитив функциялари (бош миянинг идрок билан боғлиқ мураккаб вазифалари)га таъсирини ўрганишди. Маълум бўлдики, CО2 концентрацияси ошиши ахборотни қайта ишлаш, ташаббускорлик, қарор қабул қилиш ва бошқа онгли функцияларни бажаришига салбий таъсир кўрсатиб, иш фаолиятини сезиларли пасайтиради. Мутахассислар хонани тез-тез шамоллатиб туришни, иссиқ кунларда эрталаб ёки кечки салқинда ишлашни тавсия қилади.

Офтоб ёки иссиқ уришида бош оғриғи биринчи белги сифатида кузатилади. Кун айни қизиган маҳал бош кийимсиз юриш, қуёш нури тўғридан-тўғри тушмаса-да, ёпиқ ва иссиқ жойда (масалан, офтобда қизиб турган машина ичи) 20 дақиқадан узоқ қолиш бош оғриғини пайдо қилади. Шифокорлар ёзда бош кийимсиз юрмасликни, автомобилни иложи борича соя жойда қолдиришни, ҳаво яхши айланмайдиган ёпиқ ва иссиқ хонада узоқ қолмасликни тавсия қилади.

Ёзда организм калий ва магнийга кўпроқ эҳтиёж сезади. Чунки иссиқ ҳароратда одам кўп терлайди ва тер билан калий, магний микроэлементлари ҳам чиқиб кетади. Натижада бош оғриғи, бош айланиши кўпроқ кузатила бошлайди. Микроэлементлар танқислигининг олдини олиш учун мева ва сабзавотлар, айниқса, помидор, карам, кўкатлар ва лавлагидан кўпроқ истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Иссиқ-совуқ ҳам организм учун стресс ва бош оғриғини пайдо қилади. Масалан, кўчада 35-38 градус иссиқда юриб, бирдан ҳарорати 20 градус бўлган хонага кирдингиз. Биринчи таассурот, албатта, ёқимли: қизиб турган тана бирдан яйради. Лекин организм ҳароратнинг бундай тез ўзгаришига мослашиши қийин. Айниқса болалар ва қарияларда бу яққол сезилади. Бош айланиши, оғриши ва ҳатто ҳушдан кетишгача бориши мумкин. Энг яхши ечим – ҳароратнинг кескин фарқ қилмаслиги (5-6 градусдан ошмаслиги) ва ёки босқичма-босқич мослашиш. 


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Нега бош оғриғи ёзда кўпроқ кузатилади?