Қандли диабетга чалинганларда буйрак етишмовчилиги ривожланишини секинлаштириш йўли топилди
Ҳозир дунёда ярим миллиарддан ортиқ киши қандли диабетдан азият чекмоқда. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб, бу касаллик билан оғриган беморлар сони 1,3 миллиард нафаргача етиши мумкин. Бу эса ушбу хасталикдан ногиронлик ҳолатлари ортишига сабаб бўлмоқда.
Олимлар фикрига кўра, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн қандли диабетнинг асосий омилидир. Ана шу дардга чалинганларда буйрак ҳужайралари шикастланиб, уларнинг фильтрлаш қобилияти пасаяди.
Бу эса охир-оқибат сурункали буйрак етишмовчилиги ривожланишига олиб келади. Шу аснода буйраклар функциясини сақлаб қолиш учун қатъий ва давомли парҳез ҳамда узоқ муддатли дори-дармонлар муолажаси талаб этилади.
«Япония олимлари таркибида бардоксолон метил бўлган препарат сурункали буйрак етишмовчилиги ривожланишини сезиларли даражада секинлаштиришини исботлади.
Ушбу янгилик яқинда АҚШнинг Филадельфия шаҳрида бўлиб ўтган йирик халқаро нефрологлар анжуманида тақдим этилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг телеграм-каналида эълон қилинган хабарда.
Маълум бўлишича, мазкур клиник тадқиқотнинг 3-босқичида буйрак хасталиги бор қандли диабетга чалинган 1013 нафар бемор иштирок этган. Уларнинг саломатлик кўрсаткичлари уч йилдан кўпроқ вақт давомида махсус кузатув остига олинган.
Шу аснода қўлланилган препарат буйрак функцияси ёмонлашувини самарали секинлаштириши тасдиқланган. Яъни бардоксолон метил Keap1-Nrf2 сигнал йўлини фаоллаштириши, бу эса ҳужайраларни кислороднинг актив формалари билан шикастланишдан ҳимоя қилиши маълум бўлган. Ўз навбатида, бу препарат юрак учун хавфсиз эканлиги тадқиқот давомида ўз исботини топган.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг