00:33 / 30.08.2024
65

Ошқозон-ичак тизими касалликлари қандай омиллар натижасида юзага келади?

Ошқозон-ичак тизими касалликлари қандай омиллар натижасида юзага келади?
Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими, халқимизнинг овқатланишдаги ўзига хос хусусиятлари, айрим ҳудудларда экологик вазиятнинг ёмонлашиши республикамиз аҳолиси орасида ошқозон-ичак тизими касалликлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун аҳолининг бу хасталиклардан хабардор бўлиши муҳимдир.

Шу мақсадда Миллий тиббиёт маркази врач, гастроэнтеролог Эътибор Тўхтаева билан суҳбатлашдик.

— Ошқозон-ичак тизими касалликлари қандай вужудга келади?
— Ошқозоннинг меъёрида фаолият кўрсатиши унинг шиллиқ қавати бутунлигига боғлиқ. Бунинг учун инсон танасидаги ва ташқаридан таъсир этувчи ҳимоя ҳамда агрессив омиллар ўртасидаги аниқ мувозанат сақланиши зарур. Шиллиқ қаватни шикастловчи агрессив омиллар:

🔴 хлорид кислотаси;
🔴 пепсин;
🔴 ўт кислоталари;
🔴 ошқозоности бези шираси (унинг ўн икки бармоқ ичакка тушиши);
🔴 бактериялар ва микроорганизмлар;
🔴 овқат билан тушувчи токсин моддалар (шу жумладан, дорилар).

Шиллиқ қаватнинг ҳимоя омиллари:
- шиллиқ ва биокорбонатлар секрецияси;
- ҳужайраларнинг ўз вақтида янгиланиши;
- унинг қон билан меъёрида таъминланиши, яллиғланишга қарши цитокинлар деб аталувчи ва тўқималар қон билан таъминланишига ижобий таъсир этувчи гармонларнинг меъёрида ишлаб чиқарилиши.

Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак касалликларига чалинмаслик учун инсон танасидаги ҳамда ташқаридан таъсир этувчи агрессив ва ҳимоя омиллари ўртасидаги аниқ мувозанат сақланиши керак.

— Гастрит қандай касаллик?
— Гастрит ошқозон шиллиқ қавати яллиғланиши билан кечувчи касаллик ҳисобланиб, қатор ташқи ва ички салбий омиллар таъсирида юзага келади.

Унинг келиб чиқишига қуйидаги ташқи ва ички омиллар сабаб бўлади.

Ташқи омиллар:
🔺овқатланиш тартибининг бузилиши (овқатнинг миқдори ва сифати, кечқурунлари кўп миқдорда овқатланиш);
🔺спиртли ичимиликлар истеъмол қилиш;
🔺таом тайёрлашда ўткир зираворлардан кўп фойдаланиш;
🔺овқат маҳсулатлари ва масаллиқларини сақлашда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида юзага келадиган инфекцияларнинг таъсири;
🔺тухум, зираворлар, мева, малина, қулупнай каби айрим таомларга аллергия мавжудлиги;
🔺айрим дори воситаларининг салбий таъсири.

Ички омиллар:
🔺инфекциялар ва грипп, зотилжам, буйрак ва жигар етишмовчилиги каби касалликлар таъсири;
🔺куйиш, музлаш, нурланиш таъсирида организмда тўқималарнинг парчаланиши.

Гастритнинг ўтки ва сурункали шакллари мавжуд.

Ташқи омиллар таъсирида юзага келган ўткир гастритда салбий омил бевосита ошқозон шиллиқ қаватига таъсир кўрсатиб, унинг яллиғланишига сабаб бўлади ва кейинроқ иккиламчи ўзгаришлар қўшилади.

Ички омиллар таъсирида юзага келган ўткир гастритда улар қон билан аста-секин ошқозон шиллиқ қаватида ўзгаришлар чақиради ва бемор аҳволида умумий заҳарланиш белгилари устунлик қилади. Айрим ҳолларда касалликнинг келиб чиқишида ҳар иккалар гуруҳ омиллари фаол иштирок этади.

Шиллиқ қаватнинг чуқурроқ зарарланиши билан кечадиган ўткир гастритда аксарият шиллиқ қаватнинг ўлиши кузатилади. Бунда беморларнинг оғиз бўшлиғида, қизилўнгач ва эпигастрал соҳада кучли оғриқ, шиллиқли ва қонли қайт қилиш, оғир ҳолларда карахтлик ва кейинчалик бутун қоринда кучли оғриқ туриши белгилари юзага келади. Ўткир гастритга шубҳа бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилган маъқул.

Ўткир гастритнинг олдини олиш, овқат маҳсулотлари ва масаллиқларни сақлаш ҳамда шахсий санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш каби тадбирларда иборат. Музлаткичда узоқ муддат сақланган маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, ошқозон шиллиқ қаватига салбий таъсир этувчи спирли ичимлик, носвой ва сигарета чекмаслик шулар жумласидандир.

Миллий тиббиёт маркази
Матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ошқозон-ичак тизими касалликлари қандай омиллар натижасида юзага келади?