21:28 / 04.03.2025
29

Нима учун баҳорда витаминлар ёрдам бермайди: иммунитетни табиий ошириш сирлари

Нима учун баҳорда витаминлар ёрдам бермайди: иммунитетни табиий ошириш сирлари
Фото: Spb.mk.ru
Қишдан кейин айримлар чарчоқ, ҳолсизлик ва тез-тез касалланиш каби муаммоларга дуч келади. Кўпинча бунга сабаб сифатида витамин етишмовчилиги кўрсатилади ва инсонлар дорихонадан қўшимча препаратлар харид қилишга шошади. Аммо бундай қўшимча витаминлар баҳорда кутилган натижани бермаслиги мумкин. Нега шундай? Иммунитетни мустаҳкамлаш учун фақат витаминлар етарлими ёки бошқа омиллар ҳам борми?

Ушбу мақолада организмнинг баҳорда заифлашиш сабаблари ва иммунитетни мустаҳкамлаш йўлларини кўриб чиқамиз.

Нега баҳорда инсонлар тез чарчайди?

Баҳорда инсон организми қишда тўпланган захираларни истеъмол қилиб бўлади ва янги муҳитга мослашув жараёни бошланади. Чарчоқнинг боиси фақатгина витамин танқислигида бўлмай, бунга қуйидаги омиллар ҳам таъсир қилади:

- Қишдан кейин тананинг қайта тикланиши;
- Кун вақтининг узайиши;
- Атмосфера босимининг ўзгариши;
- Гормонал ўзгаришлар.

Тана янгиланаётган табиатга мослашиш учун кўп энергия сарфлайди. Бу нормал ҳолат бўлиб, маълум муддатдан сўнг ўз-ўзидан ўтиб кетади.

Баҳорда витаминлар етишмаслиги ростми?

Тадқиқотларга кўра, бугунги кунда ҳақиқий авитаминоз касаллигига учрайдиган инсонлар камдир. Одатий соғлом овқатланиш билан биз етарли миқдорда витаминларни қабул қиламиз. Ҳатто қишда етиштирилган сабзавотлар ва мевалар ҳам ўзида фойдали моддаларнинг кўплаб қисмини сақлаб қолади.

Қачон қўшимча витаминлар қабул қилиш керак?

- Кучли парҳез тутганда;
- Маълум витамин ва минералларнинг танқислиги қон таҳлили орқали аниқланганда;
- Ҳомиладорлик даврида;
- Жиддий касалликларда.

Витаминлардан ҳам фойдалироқ нарса борми?

Фото: iStock
Қимматбаҳо поливитаминларга пул сарфлашдан аввал қуйидаги оддий тавсияларга амал қилиш лозим:

Режимли уйқу: бир вақтда ухлаш ва уйғониш ҳамда 7-8 соат давомида дам олиш. Айнан уйқу пайтида организм тикланади ва иммунитет мустаҳкамланади.

Ҳаракатчанлик: доим ҳаракатда бўлиш, спорт билан шуғулланиш, эрталабки бадантарбияни канда қилмаслик.

Тўғри овқатланиш: кундалик диета ўз ичига оқсилли, фойдали элементлардан иборат турли маҳсулотлардан иборат бўлиши муҳим.

Стрессни камайтириш: стресс, асабийлик, тушкунлик кабилар иммунитетнинг асосий душманидир. Бундай ҳолатларда тинчланиш, дам олиш йўлларини топишга уриниб кўринг.

Кўпроқ сув ичиш: Сув организм учун зарур бўлиб, у токсинларни чиқаришга ёрдам беради. Кунига камида 1,5-2 литр сув ичиш тавсия этилади. Шунингдек, кўпроқ қуёшда сайр қилиш ва Д витаминини қабул қилиш ҳам мумкин.

Қачон шифокорга кўриниш керак?

Қуйидагилар кузатилса, шифокорга мурожаат қилинг:
- Чарчоқ ва ҳолсизлик бир ойдан ортиқ давом этса;
- Уйқу билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлса;
- Иштаҳа йўқолса;
- Сочлар кўп тўкилса;
- Тез-тез касал бўлсангиз.

Шифокор сизга қандай турдаги қўшимчалар кераклигини аниқлаш учун қон таҳлили ва бошқа анализларни буюради.

Баҳорда иммунитет заифлашиши табиий жараён бўлиб, фақат витаминлар қабул қилиш билан масала ҳал бўлмайди. Тўғри овқатланиш, соғлом уйқу, жисмоний фаоллик ва стрессни бошқариш иммунитетни мустаҳкамлашнинг асосий қисмидир. Зеро, саломатликни сақлаш учун комплекс ёндашув муҳим аҳамиятга эга.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик