22:46 / 19.03.2025
70

Писта чақишни яхши кўрасизми? Зарарли хусусиятларини ҳам билиб қўйинг

Писта чақишни яхши кўрасизми? Зарарли хусусиятларини ҳам билиб қўйинг
Кунгабоқар пистаси кўпчилик учун севимли ва тийилиш қийин бўлган егулик саналади. У нафақат мазали, балки организм учун фойдали микроэлементларга бой бўлиб, юрак саломатлигини қўллаб-қувватлаш, энергия бериш ва тўқлик ҳиссини таъминлаш хусусиятларига эга.

Бироқ айрим ҳолатларда уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Соғлиққа зарар етказмаслик ва салбий оқибатларнинг олдини олиш учун кунгабоқар пистасини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган ҳолатларни билиб қўйиш муҳим. Тренер ва диетолог Александра Морозова ушбу масалга ойдинлик киритди.

“Ошқозон-ичак трактининг сурункали касалликларига чалинганлар, шунингдек, тиш саломатлигидан қайғурадиганлар учун тозаланмаган пистани истеъмол қилишни чеклаш лозим. Уларни мунтазам ейиш озишни қийинлаштиради, чунки уларда калория жуда юқори. Ва, албатта, уларга аллергияси бўлганлар пистани истеъмолдан чиқариб ташлаши керак”, дея тушунтиради мутахассис.

Писта истеъмолининг фойдаси борми?

Шубҳасиз, ҳа. Чунки улар ҳужайра метаболизмига ижобий таъсир кўрсатадиган антиоксидантларни ўз ичига олади. Кунгабоқар пистаси таркибида B, А, E ва D витаминлари, шунингдек, калий, синк, селен, фосфор, темир ва мис каби организм учун зарур бўлган микроэлементлар мавжуд. Шунингдек, писта ичак моторикасини яхшилайдиган клетчаткага бой. Бироқ меъёрга риоя қилиш лозим.

Кимлар пистадан бутунлай воз кечиши керак?

Ортиқча вазн билан курашаётганлар

Кунгабоқар пистаси юқори калорияли маҳсулотдир. 100 грамм хом писта тахминан 600 ккал, қовурилгани эса 700 ккалга эга. Уларни сарфлаш учун бир соат сузиш ёки камида 10 километр юриш керак бўлади. Дарвоқе, писта иштаҳани очади, шунинг учун улардан кейин ҳақиқатан ҳам овқатланишни истаб қоласиз.

Эрта қаришни истамаганлар

Фойдали моддалар қовурилмаган асосан писталарда мавжуд, аммо кўпчилик қовурилганини истеъмол қилишни афзал кўради. Қовуриш жараёнида уларда гликация маҳсулотлари ҳосил бўлиб, ҳужайраларнинг эрта қаришини қўзғатади. Қовурилганда уруғларга туз ва таъм кучайтиргичлар қўшилади, улар терининг сувсизланишига ва эрта ажин тушишига олиб келади, шунингдек, ҳужайра мутацияларига ҳисса қўшади.

Тишлар саломатлигидан хавотир оладиганлар

Борди-ю, мунтазам равишда пистаси чақсангиз, тиш орасида бўшлиқлар пайдо бўлади. Ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилганда тиш эмалида ёриқлар пайдо бўлади, уларнинг ичига кариесни келтириб чиқарадиган бактериялар киради. Доимий механик таъсир нафақат эмалнинг шикастланишига, балки тишнинг тўлиқ ишдан чиқишига олиб келади.

Ошқозон-ичак тракти касаллигига чалинганлар

Писта донларида клетчатка мавжуд, шу сабабли улар шиллиқ қаватда тирнаш хусусияти келтирмаслиги учун ошқозон-ичак касалликлари кучайганда истеъмол қилинмаган маъқул. Бундан ташқари, ўт пуфаги ва жигар касалликлари билан оғриган беморлар ҳам пистани рациондан чиқариб ташлаши лозим. Чунки унинг таркибида жуда кўп ёғ мавжуд. Гастрит ва ошқозон яраси бўлган беморлар учун ҳам қарши кўрсатмалар бор.

Аллергияга мойил бўлганлар

Кунгабоқар пистаси кучли аллергендир. Хом ва тозаланган пистани оз миқдорда истеъмол қилиш организмни витамин ва минераллар билан таъминлайди. Аммо ҳамма нарса ҳам меъёрида бўлгани яхши.

Фото: The Day
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик