date

Тинимсиз чарчоқ ва уйқучанлик — қалқонсимон бездан далолатми?

Тинимсиз чарчоқ ва уйқучанлик — қалқонсимон бездан далолатми?
Кундан-кунга ортиб бораётган чарчоқ, уйқучанлик ва руҳий тушкунлик — бу оддий ҳолатми ёки жиддий касалликнинг белгисими? Эндокринолог Камила Табеева бу саволга жавоб бериб, қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишлар ҳақида муҳим маълумотлар билан ўртоқлашди.

Унинг сўзларига кўра, қалқонсимон без фаолиятидаги издан чиқишлар кундалик ҳаётдаги барқарорликни бузиши, инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, кўпгина беморлар чарчоқни вақтли ечимларсиз қолдириб, унинг ортида турган сабаблар ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди.

"Биз амалиётда беморлардаги умумий заифлик, уйқуга мойиллик, хотирада муаммолар, танада шишлар, руҳий тушкунлик ва руҳий нестеранглик каби аломатларга жуда кўп дуч келамиз. Афсуски, бу каби ҳолатлар кўпинча кундалик стресс, ёмон овқатланиш ёки ёмон уйқу билан боғланади. Ҳолбуки, бу қалқонсимон без касалликларининг кўзга кўринмас, лекин жиддий белгиларидан бири бўлиши мумкин", — дейди шифокор.

Қалқонсимон без фаолияти пасайганда (гипотиреоз), организмда энергия етишмаслиги ва тетикликнинг йўқолиши кузатилади. Баъзан беморлар уйқудан кейин ҳам чарчоқдан халос бўлолмай, ҳатто оддий кунлик вазифаларни бажаришга ҳам қувват тополмасликларини таъкидлашади. Бу ҳолатни кўпинча оддий чарчоқ билан адаштирилади, аммо унинг ортида гормонал мувозанатсизлик ётиши мумкин.

Акс ҳолатда — тиреотоксикоз, яъни қалқонсимон без гормонларининг ортиқча ишлаб чиқарилишида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилиши мумкин. Лекин бу ҳолда қўшимча белгилар — юрак уришининг тезлашиши, терлашнинг ортиши, қўллар титраши ва тез вазн йўқотиш ҳам юзага келади.

Мутахассис таъкидлашича, қалқонсимон без муаммоларидан келиб чиқадиган чарчоқнинг ўзгача хусусияти бор: у шунчалик кучлики, беморлар баъзан бошларини ёстиқдан кўтара олмасликларини айтишади. Улар қанча ухлашмасин, тетиклашмайди. Танада доимий оғирлик ҳисси, руҳий безовталик, ҳатто тез-тез йиғлаш ҳолатлари пайдо бўлади.

Шунинг учун, агар сиз аввал тетик ва фаол бўлиб, эндигина жисмоний ва руҳий ҳолатингизда кескин ўзгаришни сезган бўлсангиз — бу ҳолатни eътиборсиз қолдирманг. Эҳтимол, сизга эндокринолог кўриги ва тўлиқ таҳлиллар зарурдир.

Қалқонсимон без саломатлигини назорат қилиш — умумий ҳаёт сифати ва руҳий барқарорликни сақлашнинг муҳим гаровидир. Шунинг учун организмингиз юборган ҳар қандай “сигнал”ни инкор этманг — вақтли текширув сизга қайтадан ҳаёт завқини қайтариши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Тинимсиз чарчоқ ва уйқучанлик — қалқонсимон бездан далолатми?
LiveInternet