date
views 98

Узоқ вақт ўтириш мияга жиддий зарар: дастурчилар ва офис ходимлари хавф остида

Узоқ вақт ўтириш мияга жиддий зарар: дастурчилар ва офис ходимлари хавф остида
Ҳозирги замон дастида компютер ва гаджетлар билан доимий ишлаш оддий ҳолга айланди. Бироқ, иш столида соатлаб ўзгармасдан ўтириш асло безарар эмас. Американинг Хотира ва Альцгеймер касаллиги маркази мутахассислари олиб борган сўнгги тадқиқотлар бу масалага катта ечим ва сабоқ бўлди: доимий равишда кўп вақт ўтириш мияни сўнгида жиддий шикастлашга олиб келиши мумкин.

404 нафар кекса ёшли одам устидан етти йил давом этган кузатув давомида иштирокчиларга “ақлли” соатлар тақилди, улар мунтазам равишда мия МРТ текширувидан ўтиб, хотира ва тафаккур тестларини бажариб туришди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кун давомида ўртача 13 соатдан зиёд вақтини ўтиришга, пассив ҳолатга сарфлаганлар мия ҳажми ва эпизодик хотирада пасайишга дуч келишди. Хусусан, Альцгеймер ва бошқа нейродегенератив касалликлар учун хос белгилари тезроқ ривожланган.

Энг эътиборлиси — юқори жисмоний фаоллик, ҳатто шиддатли спорт машқлари ҳам кўп соатлик ҳаракатсизликнинг зарарли таъсирини ўчира олмади. Яъни, бир соат машқ қилиб, қолган 15-16 соатда жим ўтириш муаммони бартараф этмайди. Бу эса ҳар куни иш фаолияти, иш жойида ва уйда кўп вақт стол ёки диванда ўтириш одати бўлган дастурчилар ва офис ходимлари учун жиддий огоҳлантиришдир.

Олимлар бу хавф алоҳида ирсий мойилликка эга инсонларда (APОE-ε4 гени ташувчилари) янада кучли намоён бўлишини қайд этишади. Аммо соғлом одамлар учун ҳам ҳаракатсизлик салбий оқибатларсиз ўтмайди: бу ҳолат қон айланиши ёмонлашиши, яллиғланишнинг кучайиши, мия тўқималарида нейронларнинг янги алоқалар шакллантириш қобилияти заифлашиши, метаболизмдаги бузилишлар каби биологик жараёнлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳар бир қадам муҳим эканини олимлар алоҳида таъкидлашади. Мутахассислар спорт машғулотларига қўшимча равишда кун давомида ҳар 30-40 дақиқада столдан туриш, енгил ҳаракат ва машқларни бажариш, телефонда суҳбатлашганда юриш, иш жойига лифт ўрнига зинапоядан чиқиш, автомобилни киришдан узоқроққа қўйиш, офисда трансформацияланадиган — яъни, ўтириб ҳам, тик туриб ҳам ишлашга мўлжалланган столлардан фойдаланишни тавсия қилишмоқда.

Шунингдек, столда ўтирган пайтда ҳам кичик жисмоний машқлар (масалан, панжаларни ёзиш, кўкракни кенгайтириш, елкаларни айлантириш) орқали мияга қон оқимини яхшилаш ва саломатликни қўллаб-қувватлаш мумкин. Бундай майда ҳаракатлар ҳам умумий фаолликка ҳисса қўшади.

Ҳатто энг шиддатли спорт билан шуғулланувчи инсонлар ҳам асосан ҳаракатсиз бўлса, узоқ муддатда когнитив қобилиятлар пасайиши хавфига дуч келишади. Шу сабаб, кун давомида мия ва тана учун доимий ҳаракат керак. Акс ҳолда, замонавий ҳаёт шароитидаги “стол ҳаёти” инсульт, Альцгеймер, хотира сусайиши ва бошқа кўплаб неврологик касалликлар учун “ёзилмаган билет” бўлиши мумкин.

Шунинг учун иш ва турмуш тарзи қандай бўлишидан қатъи назар, барча дастурчилар, офис ва IT-мутахассислари, фрилансерлар ва масофавий ишловчилар ўз кундалик режасига майда бўлса-да фаол ҳаракатларни қўшишни унутмасликлари шарт. Бир қарашда беъзарар бўлиб кўринган кўп соатлик ўтириш, аслида, саломатлик учун катта хавф.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Узоқ вақт ўтириш мияга жиддий зарар: дастурчилар ва офис ходимлари хавф остида