
Совуқ ичимликлар билан тўғридан тўғри алоқада бўлиш – жазирамадан қочишнинг одатий йўлига айланган. Аммо стоматолог Денис Моисеевнинг фикрига кўра, бундай “совутиш” усули тиш саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Унинг таъкидлашича, мунтазам равишда муздек ичимликлар истеъмоли тиш эмали ва пломба ўртасида микроёриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Тиш эмали юқори мустаҳкамликка эга бўлишига қарамай, у термик ўзгаришларга нисбатан сезгир. Совуқ ичимлик тишни тўсатдан совитса, бу термик шокка олиб келиши мумкин. Микроёриқлар оддий кўз билан кўринмаслиги мумкин, бироқ катталаштирувчи асбоблар ёрдамида уларни аниқлаш мумкин.
Моисеев шундай дейди: “Айниқса, пломба ва эмал ўртасидаги чегаралар заиф нуқта ҳисобланади. Бу икки материалнинг иссиқликдан кенгайиш хусусиятлари бир-бирига мос келмаслиги туфайли, ҳарорат ўзгарганда улар орасида зўриқиш пайдо бўлади. Бу эса микро тирқишларга, ҳатто айрим ҳолларда пломба атрофидаги эмалнинг ёрилишига сабаб бўлади.”
Шунингдек, совуқ ичимликларни иссиқ овқатдан сўнг қабул қилиш янада хавфли. Бундай пайтда ҳароратнинг кескин ўзгариши эмалда таранглик юзага келтиради. Эмалнинг асосий таркибий қисми – гидроксиапатитнинг кристалл тузилиши доимий совиш-исиш таъсирида заифлашиши ва микроскопик нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин.
Совуқ ичимликлар таркибида кўп ҳолларда кислотали моддалар – газланган сувлар, лимонадлар ва спорт ичимликлари мавжуд бўлиб, уларнинг pH даражаси паст бўлади. Бу эса тиш эмалининг минерал таркибини заифлаштиради, уни нозик ва осон шикастланувчи ҳолатга келтиради. Шу тариқа, совуқ ва кислотали муҳит бирлашганда тиш учун икки томонлама хавф юзага келади.
Шифокор Моисеев ўз хулосасида таъкидлайди: “Паст ҳарорат ва кислоталикнинг биргаликдаги таъсири тиш эмалига зарар етказиши мумкин. Бундай ҳолатлар тиш-жағ тизимининг умумий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши ва узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин.”
Шундай экан, ҳатто жазирамали кунларда ҳам совуқ ичимлик истеъмолида меъёрни сақлаш ва тиш саломатлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар