date

Қуёш нуридан аллергия бўлиш мумкинми? Ишониш қийин, аммо рост

Қуёш нуридан аллергия бўлиш мумкинми? Ишониш қийин, аммо рост
Қуёш остида дам олиш кўпчилик учун ёз фаслидаги энг севимли машғулотлардан бири ҳисобланади. Аммо барча учун ҳам қуёш нури фойдали эмас. Айрим инсонларда қуёш нурлари таъсирида терида қизариш, қичишиш, пуфакчалар, тошма ва ҳатто доғлар пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолат шунчаки қуёшда юришдан юзага келадиган оддий куйиш эмас, балки тиббий жиҳатдан «қуёш аллергияси» деб аталадиган мураккаб иммун жавобдир.

Қуёш аллергияси нимани англатади?
Қуёш аллергияси — бу умумий атама бўлиб, турли хил ультрабинафша нурлар таъсирида иммун тизимининг ноодатий реакцияси билан боғлиқ ҳолатларни қамраб олади. Нью-Йорк шаҳрида фаолият юритаётган, Америка дерматология академияси аъзоси бўлган дерматолог доктор Дебра Жалиманнинг таъкидлашича, қуёш аллергияси натижасида танада турли хил тери тошмалари юзага келиши мумкин — қизил доғлар, пуфаклар, ҳивичлар ёки қичишувчан майдончалар каби.

Энг кўп учрайдиган шакллар: ПМЛE ва фотоаллергик реакция
Энг кенг тарқалган шакллардан бири — Полиморфик ёруғлик тошмаси (ПМЛE). 2022 йилда «Жоурнал оф тҳе Эуропеан Аcадемй оф Дерматологй & Венереологй» журналда чоп этилган таҳлилга кўра, дунёда ҳар 10 одамдан бири ПМЛEга дуч келиши мумкин. Бу ҳолат айниқса Шимолий яримшарда кўпроқ учрайди ва кўпинча аёлларда, ёшлик даврида бошланади. ПМЛE, одатда, қуёшда бўлганидан сўнг икки соат ичида тошма билан намоён бўлади.

Баъзан ПМЛE ирсий хусусиятга эга бўлиши мумкин. Бу шакл тиббиётда Актиник пруриго деб аталади. Айниқса АҚШнинг шимолий, жанубий ва марказий ҳудудларидаги маҳаллий америкалик аҳоли орасида кўпроқ учрайди. Унинг белгилари одатда эртароқ бошланади ва ПМЛEга нисбатан оғирроқ кечади.

Фотоаллергик тошма — косметика ва дори воситаларга реакция
Фотоаллергик тошма эса қуёш нурлари ва муайян кимёвий моддалар — масалан, косметика воситалари ёки дорилар билан ўзаро таъсирда вужудга келадиган тери касаллигидир. Бу тошма одатда 1-2 кун ичида юзага чиқади ва ҳатто қуёш нурларига тушмаган тананинг бошқа қисмларига ҳам тарқалиши мумкин. Бу ҳолат турли тери рангига эга инсонларда учраши мумкин, лекин оч теридаги инсонлар бунга нисбатан кўпроқ мойил бўлади.

Доктор Жалиманнинг таъкидлашича, бундай аллергик реакциялар, айниқса, баъзи кремлар, хушбўйликлар ва ҳатто лимон шираси каби табиий моддалардан кейин пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, баъзи дори воситалари — масалан, тетрациклин, сипрофлоксацин, гидрохлоротиазид, изотретиноин каби препаратлар ҳам фотоаллергик тошмани қўзғатиши мумкин.

Кам учрайдиган, лекин оғир шакл — қуёш ҳивичлари
Қуёш ҳивичлари (Солар уртиcариа) ҳам қуёш аллергиясининг шакли ҳисобланади. Бу ҳолат жуда кам учрайди, аммо жуда тез ва оғир белгилар билан кечади. Қуёшга чиққан заҳотиёқ терида ҳивичлар, қизариш ва қичишиш пайдо бўлади. Бу ҳолатнинг аниқ сабаби ҳалигача номаълум.

Қуёш аллергияси кимларда ривожланиши мумкин?
Энг қизиғи шундаки, қуёш аллергияси ҳар қандай одамда, ҳатто олдин бундай муаммога дуч келмаганлар ҳамда йиллар давомида бир хил дорини истеъмол қилган кишиларда ҳам ривожланиши мумкин. Доктор Жалиман бу ҳақда шундай дейди:

“Масалан, сиз бир антибиотикни йиллар давомида қабул қилган бўлишингиз мумкин, аммо бир кунда унга фотоаллергик реакция ривожланади. Ажабланарлиси шундаки, бундай аллергик реакциялар вақт ўтиши билан ҳам пайдо бўлиши мумкин.”

Қандай чоралар кўриш мумкин?
Агар сиз қуёш нуридан кейин терида тошма, қичишиш ёки қизаришни кузатган бўлсангиз, шифокорга мурожаат қилиш лозим. Диагноз қўйиш учун дерматологлар махсус фототестлар ёки терини таҳлил қилиш орқали аниқлашади. Ечим сифатида қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлар, антигистаминлар ва баъзи ҳолларда терига суртиладиган стероид мазлар тавсия этилади.

Ҳимояланиш учун тавсиялар:
Қуёш чиқиши билан эмас, қуёш пастлаган вақтда кўчага чиқинг.

СПФ 30 ёки ундан юқори қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланинг.

Узоқ қўлли кийимлар ва кенг шляпалар кийишни одат қилинг.

Фотоаллергик таъсир бериши мумкин бўлган дориларни шифокор маслаҳатисиз қабул қилманг.

Терига суриладиган косметика воситалар таркибини ўрганинг.

Хулоса
Қуёш нурлари нафақат фойдали, балки баъзи инсонлар учун хавфли ҳам бўлиши мумкин. Қуёш аллергияси — бу жиддий, аммо эътибор берилса, назоратга олинадиган ҳолатдир. Агар сизда бундай белгилари бор бўлса, ўзингизни айбдор ҳис қилманг. Муҳими — вазиятни тўғри баҳолаб, мутахассисга мурожаат қилиш ва зарур чораларни кўришдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қуёш нуридан аллергия бўлиш мумкинми? Ишониш қийин, аммо рост