Ёзги пишиқчилик даврида маза қилиб меваларга тўйиш керак, нима дедингиз? Айниқса, тарвуз тановули хўп ва кўп бўлса, айни муддаодир.
Негаки, тарвузнинг фойдаси талайгина-да. Аммо уни ейишда ҳам меъёр бўлиши керак. Яна тарвузнинг ўғит билан «боқилгани»га дуч келсангиз, фойда тугул, хавфли касалликка юз тутиш мумкинлигини ҳам билиш керак. Шундай қилиб, тарвуз кимларга фойда-ю, кимларга зарар ҳамда қайси хасталикларда ёрдам беришини шифокор Абдуҳалил БАННАЕВдан билиб оламиз.
ФОЛИЙ КИСЛОТАГА БОЙ
Бошқа меваю сабзавотлар қатори темир, калий ва магний моддалари, В, А, С витаминларига бой бўлган тарвузнинг яна бир аҳамиятли жиҳати таркибида ниҳоятда юқори даражада фолий кислотанинг кўплиги саналади. Биласиз, фолий ҳомиладор аёллар учун ниҳоятда фойдали. Шундай экан, бўлажак оналар тарвузни кунора, 2-3 тилимдан ейишлари айни муддао.
-Тарвузни етиштиришда турли хил кимёвий ўғитлар – нитратлар қўшилиши ҳеч ким учун сир эмас. Асли нитратлар организм учун зарарли эмас, аммо улар ошқозонга тушгач, ичакларда нитрат моддасига айланиши бирмунча хавфли. Агар ёзбўйи нитрат билан «боқилган» тарвуз еяверсангиз, нима бўлишини биласизми? Енгил ҳолатда бирон ичак касаллиги (мисол учун ичбуруғ), оғирларида эса камқонлик, ёки ўсма хасталигини орттириб олишингиз ҳеч гапмас. Шунинг учун бу полиз маҳсулотини табиий пишган даври – июль охири ва август бошида тановул қилган маъқулроқ. Ҳар эҳтимолга қарши!
-Тарвузнинг кучли сийдик ҳайдовчи таъсирга эгалигини ҳам биласиз. Лекин ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида тарвуз ейишда меъёрни билмоқ керак. Акс ҳолда сийдик пуфаги кенгайиб, атрофидаги бошқа ички аъзолар, шу жумладан бачадонга ҳам оғриқ келтириши мумкин.
АЧЧИҚЛАНМАНГ-А...
Таркибида кўп миқдорда магний сақлаган тарвуз – юрак ва буйрак учун фойдали. 100 грамм тарвузда организм учун керакли бўлган магнийнинг 60 фоизи мужассам. Магний мушакдаги оғриқлар, зўриқиш, чарчоқ ва асабийликда ҳам кор келиши илмий исботланган. Асабийлашадиган, уйқунгиз қочадиган бўлса, кунбўйи тарвуз енг, ҳаммаси жойига тушади. Фойда бериши учун бу парҳезни камида 5 кун давом эттириш керак.
ИЧИМЛИК ЎРНИНИ БОСАДИ
Таркиби 85 фоизга сувдан иборат бўлган тарвуз зўр чанқоқбосди ҳисобланади. Шу боис, у диабет билан хасталанган беморларда учрайдиган оғиз қуриши, қалтироқни тез босиб, аҳволнинг яхшиланишига хизмат қилади.
ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Тарвуз таркибидаги клетчатка моддаси овқатнинг тез ва мулойим ҳазм бўлишини таъминлайди аммо ошқозонида бирон муаммоси бўлганлар учун зарар қилиши, ичкетарни келтириб чиқариб, организмни сувсизлантириб қўйиши ҳам мумкин.
ОЗМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ
Тарвуз организмдан суюқликни тез чиқаргани боис, 2 кундаёқ 2 кило вазн ташлашингиз аниқ. Яна тўқтутар бўлгани учун уни еб юрганда қорин очмайди. «Тарвузли парҳез» нинг фойдаси беқиёс – бир ҳафта ичида 5-6 килога осон озишингиз ва организмни ортиқча тузлар, қонни эса холестериндан тозалашингиз мумкин. Лекин бу парҳездан буйраги оғрийдиган, буйраги ёки ўт қопида тоши бор, қон босими кўтарилиб-тушадиганлар учун эмас. Яна тарвузли парҳез 3 кундан ортиқ давом эттирилимаслигига ҳам диққат қилинг.
ДАНАГИДА ФОЙДА БОР
Баъзилар тарвуз данагини ютворса, аппендицит юзага келиши ёки ичак буралиб қолиши мумкин деб ўйлайди. Аслида эса тарвуз данаги қон босимини тушириши, гижжадан организмни тозалаши, атеросклероз ва диабет касалида даво бўлиши, қонни кўпайтириши мумкин. Лекин бунинг учун уларни бутунлигича ютиш эмас, офтобда қуритиб, майда кукун ҳолига келтириб, ярим чой қошиқдан наҳорга сув билан ютиш керак.
-сийдик-тош касаллиги ҳамда колит (ичак хасталиги) билан оғриган одамларга бу усул тўғри келмайди.
ҚАНДАЙ ТАНЛАЙМИЗ?
Тарвузнинг «думчаси» қуриган, ёнбошида сариқ доғи бўлса, иккиланмай танланг, у пишган.
Устига урганда, тарсиллайди.
Тарвузда кимёвий ўғит кўплигини билмоқчи бўлсангиз, уни кесгач, бир тилимини сувга солинг, сув қизарса, демак, истеъмолга яроқсиз.
Яна тарвузни кесганда усти ғадир-будирлигига ҳам аҳамият беринг. Юзаси силлиқ, ранги пушти ёки ҳаддан зиёд тўқ қизил, ичи паға-паға бўлиб кетган, сарғиш бўлса, бу тарвузни емаган маъқул.
Манба: Darakchi.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи