11:04 / 21.01.2018
9 245

Лимон – қишнинг энг яхши табиби

Лимон – қишнинг энг яхши табиби
Лимон қиш фаслидаги шамоллаш, дармон қуриши, юқумли касалликларга малҳам бўлувчи ажойиб мева. Таркибида 7 фоизгача лимон кислота, 2-3 фоизгача қанд, A, B, C, D, дармондорилари, натрий, калий, кальций, фосфор, темир, магний каби моддалар мавжуд. Қон босимини пасайтириш хусусиятига эга, қанд хасталигида дори сифатида ҳам ишлатилади. Қуйида унинг шифобахш хусусиятларини санаб ўтамиз.

Ларингитни даволашда кичикроқ лимоннинг сувини сиқиб, 3 ош қошиқ асалга аралаштирасиз ва устидан ярим литр қайнаган сув соласиз. Бу аралашмани кун бўйи ичишингиз ёки томоқни ғарғара қилишингиз мумкин.

Ангина бошланаётганда бир кунда икки марта яримтадан лимонни яхшилаб чайнаб ейиш кифоя.

Фарингитдан азоб чекаётганда битта лимон сувини сиқиб, 5 ош қошиқ асал билан аралаштирасиз, кейин унга 3 стакан тирноқгул тиндирмаси (настойка) қўшилади. Бу тиндирма билан томоқни артиб туриш энг яхши даводир.

Гриппнинг олдини олиш учун овқатларга лимон шарбатини қўшиб истеъмол қилиш керак.

Зотилжам, яъни пневмонияда 4 бош саримсоқ қирғичдан ўтказилади, битта лимон гўшт қиймалагичдан чиқарилади ва 8 ош қошиқ асал билан аралаштирилади. Аралашма 7-10 кун давомида эрталаблари 1 чой қошиқдан истеъмол қилинади.

Бронхитни даволашда 5 дона пиёз, 7 ош қошиқ асал, битта лимон керак бўлади. Пиёз ва лимонни қирғичдан ўтказиб асал билан аралаштиринг ва кунига 3-4 маҳал 2-3 ош қошиқдан истеъмол қилинг. Муолажа муддати икки ҳафта.

Шифокорлар ошқозон кислоталилиги юқори, қон босими эса паст бўлган, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасига чалинган беморларга лимонни камроқ истеъмол қилишни тавсия қилади.

Лимон харид қилишда эътибор берадиган жиҳатлар бор. Агар лимон етарлича қаттиқ бўлмаса, билингки, у пишиб ўтган. Пишиб ўтган лимон мазаси бузилган, шифобахшлиги йўқолган бўлади. Сап-сариқ, қаттиқ лимон сотиб олишга ҳаракат қилинг. Уни қоронғи жойда сақласангиз узоқ вақт туради ва шифобахшлигини йўқотмайди.
Сожида АЛЛАЁРОВА тайёрлади

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Лимон – қишнинг энг яхши табиби