— Мен доим камқонликдан азият чекаман. Айниқса, баҳор келиши билан аҳволим янада ёмонлашади. Илтимос, айнан ана шу муаммони уй шароитида бартараф этиш ҳақида тавсиялар берсангиз?
Ҳусния ИНОҒОМОВА
Самарқанд вилояти
Самарқанд вилояти
— Камқонлик қондаги гемоглобин миқдорининг тушиб кетиши натижасида организмга кислород етказиб беришнинг қийинлашишидир. Бу эса жисмоний қувват камайиб кетишига олиб келади. Камқонликда юракда шовқин, умумий ҳолсизлик, иммунитет пасайиб кетиши кузатилади. Гемоглобин миқдори тушиб кетиши ёшу қарида бирдек кечади. Шунга қарамай, камқонликдан уй шароитида қутулишнинг бир нечта чоралари бор.
ОДДИЙ РЕЦЕПТЛАР
- 1 стакандан қуритилган олхўри, туршак, ёнғоқ, майизни майдаланг ва сирли идишга солинг. Устидан 1 стакан асал ва 1-2 дона лимонни пўстлоғи билан гўштқиймалагичдан ўтказиб қўшинг. Бу аралашмадан кунига 3 маҳал истеъмол қилсангиз, камқонлик сизни бошқа безовта қилмайди.
- Ярим стакандан сабзи, лавлаги, шолғом шарбатини битта идишга солиб аралаштиринг ва музлаткичга қўйинг. Ундан кунига 3-4 маҳал овқатланишдан олдин 2 ош қошиқдан ичинг.
- Ҳар куни 1-2 дона сабзини қирғичдан чиқариб, 1 ош қошиқ қаймоқ ёки 1 ош қошиқ зайтун ёғи аралаштириб, истеъмол қилинг.
- 1 ой давомида ҳар куни кечқурун ярим стакан гречиха ёрмасини 1 стакан қатиқ билан аралаштириб қўйинг. Эрталаб ана шу аралашмани бироз асал қўшиб енг.
- Кечқурун 1 стакан қайнаган сувга 2 ош қошиқ наъматак солиб, бостириб қўйинг. Тонгда дамламага 1 стакан лимон шарбатини қўшиб, ичинг.
- Ярим стакандан анор, қизил лавлаги, сабзи, яшил олма шарбатини идишга солиб, устидан ярим стакан асал қўшинг ва ҳаммасини яхшилаб аралаштириб, кунига 3 маҳал ярим стакандан қабул қилинг.
- Қорамол тили камқонликдан халос этади. Бу таом ҳатто ҳомиладор аёлларга ҳам тавсия этилади. Бунинг учун тилни бир неча усулда пишириш мумкин. Тилни ҳар хил зираворлар билан маринадлаб, газ печида пиширсангиз, у иштаҳаочар дармондорига айланади. Тилни қайси усулда пиширишингиздан қатъи назар, ундан бир ойда 2-3 марта тайёрлаб есангиз, камқонликдан қутуласиз.
- Кунига 3 маҳал 1 стакандан қовун шарбати ичиш ҳам қондаги гемоглобин миқдорини оширади.
- Сачратқи ўтидан 1 ош қошиқ олиб, 1 стакан қайнатилган сутга солинг. Кейин 15‑30 дақиқа тиндириб, докадан сузиб олинг ва дамламани учга бўлиб, кунига 3 маҳал истеъмол қилинг.
- 5‑6 дона олмани 2‑3 бўлакка бўлинг. 5 дона олхўри, 5‑6 дона туршак, бир ҳовуч майиз ва 5‑6 дона ёнғоқ мағзини майдалаб, 1‑1,5 л сувга солиб, паст оловда 1 соат қайнатинг. Совигач, таъбга кўра асал аралаштиринг. Бу дармондорини ойда 1-2 марта тайёрлаб, 5-6 кун давомида ҳар куни чой ўрнида ичсангиз, камқонлик енгилади.
- Қуритилган анжир, туршак, майиз, олхўри ва лимонни идишга солиб, устидан қайноқ сув тўлдиринг ва 7-8 соатга бостириб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, унга бироз суюқ асал аралаштириб, шиша идишга солинг ва музлаткичга қўйинг. Уни кунига 3 маҳал ичишингиз мумкин.
- Гемоглобин миқдорини оширишни истасангиз, муолажа вақтида ҳайвон ёғидан камроқ истеъмол қилинг.
- Қора чой ва қаҳвани кўп ичманг. Бу маҳсулотлар темир моддасининг танага сингишига тўсқинлик қилади.
- Овқатингизга эса лимон шарбати, карам, булғор қалампири, дуккакли маҳсулотлар, пиёз ва кўкат солишни канда қилманг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи