22:47 / 01.05.2018
13 102

Сабзи енг, саратонга чалинмайсиз…

Сабзи енг, саратонга чалинмайсиз…
Таблеткалардаги А витаминини унутинг. Яхшиси, бозорларимизга эндигина чиқиб келаётган сабзини ўтли жойидан маҳкам ушланг. Ана шу сабзида соғлиқ учун энг керакли витамин ва минераллар бисёр. Янги сабзини мунтазам ейиш терини чиройли қилиш билан бирга саратон ва қаришнинг ҳам олдини олади. Агар сабзининг сиз билмаган қатор хусусиятларидан хабардор бўлишни истасангиз, қуйидаги мақолани диққат билан ўқинг.

ТАРКИБИДАГИ ВИТАМИНЛАР
Мазкур сабзавот таркибида 15 фоиз қанд, оқсил, клетчатка, эфир моддалар, бироз ёғ, флавоноидлар, азот моддалар, минерал тузлар (кобальт, калий, темир, мис, фосфор, йод), фермент ҳамда витаминлар: А витамини ёки каротин, Б1, В2, В6, Е, К, пантотен кислотаси ва озроқ С витамини мавжуд.

Бошқа сабзавотлар билан солиштирганда сабзида каротин ҳамда никотин кислотаси — ПП витамини кўпроқ.

Сабзидаги витаминларнинг асосий қисми унинг юза қисмида жойлашган, шундай экан, у қанчалик қизил бўлса, унда шунчалик кўп витамин, айниқса, каротин серобдир.

Таркибида витаминлар кўплиги боис уни авитаминоз профилактикасида тановул қилиш лозим. Яъни сабзи камқонлик ва силла қуришидан азият чекадиган инсонлар учун кони фойда.

1. Кўриш қобилиятини яхшилайди
Сабзининг кўз учун беқиёс дармондори эканлиги кўпчиликка маълум. Мазкур сабзавот жигарга бориб, А витаминига айланадиган бета-каротинга жуда бой. А витамини эса тунда кўриш имконини берувчи бинафшаранг пигмент ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.

Бета-каротин, шунингдек, кўзга сарғимтир доғ тушиши ва катарактанинг ҳам олдини олади. Тадқиқотлар натижасида жуда кўп сабзи истеъмол қилувчилар сабзи кам истеъмол қиладиганлардан 40 фоизга камроқ мазкур касалликлардан азият чекиши маълум бўлди.

2. Саратонга қарши курашади
Яна бир тадқиқот натижасига кўра, сабзи ўпка, сут безлари ва йўғон ичак саратони пайдо бўлишининг олдини олади. Чунки унинг таркибида фалкаринол моддаси мавжуд бўлиб, сабзи уни илдизларини замбуруғли касалликлардан сақлаш учун ишлаб чиқаради. Буни қарангки, сабзи еб юрган сичқонлар саратонга уч маротаба чидамлироқ экан.

3. Қаришнинг олдини олади
Янги чиққан сабзи таркибидаги бета-каротин худди антиоксидант каби таъсир кўрсатиб, ҳужайралар қаришининг олдини олади.

4. Ярақлаб турувчи тери
А витамини ва антиоксидантлар терини Қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қилади. Агар организмга А витамини етишмаса, тери қуруқлашиб, соч тўкилади, тирноқлар мўртлашиб кетади. Мазкур витамин, шунингдек, юзга эрта ажин тушишини, пигментация ва ғадир-будур терининг олдини олади.

5. Кучли антисептик
Сабзи инфекциялар билан фаол курашувчи сабзавот эканлиги азалдан маълум. Уни қирғичдан чиқариб, яраларга қўйилса, тез тузатади.

6. Чиройли тери
Янги чиққан сувли сабзи юз учун арзон ва ўта фойдали ниқоб бўла олади. Шунчаки қирғичдан чиқарилган сабзини маълум миқдордаги асал билан аралаштириб, юзга 5-15 дақиқа суртиб қўйинг.

7. Юрак касалликлари профилактикасида
Агар тадқиқотлар натижасига таянадиган бўлсак, таркибида жуда кўп миқдорда каротиноидлар бўлган парҳез юрак-қон томир хасталиклари келиб чиқишининг олдини олади. Сабзи таркибида нафақат бета-каротин, альфа-каротин ва лютеин ҳам мавжуд.

Сабзини мунтазам истеъмол қилиш қондаги холестерин миқдорини камайтиради.

8. Организмни тозалайди
А витамини жигарга организмдаги токсинларни чиқариб юборишда ёрдам беради. Бу билан эса жигардаги сафро ва ёғлар камаяди. Сабзи таркибидаги фойдали толалар эса чиқитлар чиқишини тезлаштиради.

9. Соғлом тиш ва милклар
Буни қарангки, сабзи оғиз ва тишларни тозалайди. У тиш карашлари ва овқат қолдиқларини қиртишлаб чиқариб, худди тиш пастаси вазифасини ўтайди. Бундан ташқари, сабзи милкларни массаж қилиб, сўлак ажралиб чиқишини меъёрига туширади, бу билан оғизда нохуш бактериялар камайишига ҳам сабаб бўлади. Сабзи таркибидаги минераллар эса тишлар емирилишининг олдини олади.

10. Инсульт профилактикасида
Гарвард университетида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, бир ҳафтада 6 тадан ортиқ сабзи истеъмол қиладиганларда инсульт келиб чиқиш хавфи анча паст бўлар экан.

ШАРБАТИ КОНИ ФОЙДА
Сабзи шарбатининг доривор хусусияти беқиёс. У инсон организмининг асосий органлари ишини тартибга солади: эндокрин тизими, бурай усти безлари, организмнинг грипп, гайморит, томоқ оғриқлари, бронхит ҳамда бошқа турли хасталикларга қарши ҳимоя функциясини кучайтиради. Қадимда сабзи шарбатини буйракдаги ва сийдик йўлидаги тошларни ҳайдаш учун ичишган. Қуюлтирилган сабзи шарбатидан сироп ўрнида фойдаланишган.

Инсон ўз соғлиғига қараб сабзи шарбатини бир кунда 0,5 литрдан 3-4 литргача ичиши керак. Эмизикли оналар кўкрак сути сифатини яхшилаш учун ҳар куни сабзи шарбати ичиши лозим. Қуруқ тери, дерматит ва бошқа шу каби кўпгина касалликларда организмда элементлар етишмаса, сабзи шарбатини ичишни бошланг.

Бундан ташқари, сабзи шарбати организмнинг инфекцияларга қарши курашувчанлигини оширади, асаб тизимини тинчлантиради ва қувват оширишда беқиёс.

ТИББИЁТДА ҚЎЛЛАНИЛИШИ
* Эркин радикаллар ишини тиклайди, зарарлиларини нейтраллаштиради;
* тўқималарда моддалар алмашинувини яхшилайди;
* ҳужайра ва тўқималарни ёшартиради, қариш жараёнини тўхтатади;
* соч ва тирноқлар ўсишини тезлаштиради;
* иммунитетни мустаҳкамлайди;
* кўриш қобилиятини тиклайди;
* юракни мустаҳкамлаб, қон айланиш тизимини тартибга солади.

Эҳтиёт бўлинг!

Ошқозонида яраси бўлган инсонлар сабзини камроқ истеъмол қилиши лозим. Йўғон ичагида шамоллаш бўлганларга ҳам сабзи терапияси тавсия этилмайди.

Даволаш жараёнида сабзини кўп еб юборганда қуйидаги нохуш асоратлар келиб чиқиши мумкин:

- кўнгил айниши;
- бош оғриғи;
- уйқучанлик.

Сабзини кўп истеъмол қилиб юборганда қўл кафти ва юзда сарғайиш пайдо бўлиши мумкин. Агар шу каби симптомлар кузатилса, сабзини рационингиздан чиқариб ташланг.

Сабзи билан даволаниш буйрагидаги қум ва тоши 0,5 смдан ошмайдиганларгагина тавсия қилинади. Ундан каттароқларини фақат шифокор тавсиясига кўра тушириш мумкин.

ЯНГИ САБЗИНИНГ БАРГЛАРИ ҲАМ ШИФОБАХШ
Сабзининг барча қисми — унинг таркибида ҳатто мевасидан ҳам кўп миқдорда витамин мавжуд. Шунингдек, юрак-қон томир касалликларининг олдини олувчи калий, кальций, магний микроэлементлари ҳам бор. Ҳатто янги сабзи баргларидан салат ҳам тайёрланади. Европа мамлакатларида сабзи бандлари сабзавот дўконларида сотилади. Уни бажонидил сотиб олишади.

Сабзининг ўтли бандини қайнатиб, турли жароҳатларни ювиш мумкин.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Сабзи енг, саратонга чалинмайсиз…