10:00 / 29.09.2022
1 875

1 октябрдан бошлаб қонунчилигимизда нималар ўзгармоқда?

1 октябрдан бошлаб қонунчилигимизда нималар ўзгармоқда?
2022 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.

2013–2015 йилларда берилган эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади

Ҳукумат қарорига асосан 2013–2015 йилларда берилган эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бунда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳайдовчилар мазкур муддат тугамасидан янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши талаб этилади.

Касаначига зарур асбоб-ускуна харид қилиш учун субсидия миқдори оширилади

Президент қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 апрелдаги ПҚ-214-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ, касаначига зарур асбоб-ускуна харид қилиш учун тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган субсидия миқдори амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача оширилади.

Қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади

Президент фармони билан жисмоний шахсларга Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади.

Шунингдек, фармонга мувофиқ қуввати 5 МВтгача бўлган гидроэлектрстанцияларда ишлаб чиқарилган электр энергияси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва давлат томонидан электр энергиясини харид қилувчи функцияси (ваколати) берилган орган томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади.

Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш харажатларининг 70 фоизи қоплаб берилади

Президент фармонига биноан 2022 йил 1 октябрдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, шу жумладан экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70 фоизи Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган рўйхатга асосан Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади.

«Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри» юритилади

Ҳукумат қарорига асосан давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда тенг рақобат муҳитини яратиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида:

Давлат солиқ қўмитаси солиқ хавфи юқори деб баҳоланган солиқ тўловчилар рўйхатини ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради;

Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган солиқ тўловчилар давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан «Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри»га киритилади.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилгани тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади

Ҳукумат қарорига асосан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилгани, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилингани тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади.

IT-таълим хизматларини кўрсатиш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард сўмгача грантлар ажратилади

Президент қарорига асосан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.

Болаларга мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича энг яхши лойиҳаларга танлов эълон қилинади

Президент қарорига асосан болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Бу борадаги харажатлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Кўп квартирали уй-жойларни зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади

Президент фармонига асосан республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади ва хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилади.

«Нурли маскан» мактаблари негизида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари ташкил қилинади

Президент қарори билан «Нурли маскан» мактаблари негизида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари фаолияти ташкил қилинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 1 октябрдан бошлаб қонунчилигимизда нималар ўзгармоқда?