17:13 / 24.12.2022
1 241

Қайси давлат органи нимага масъул: чегаралар аниқ ёзиб қўйилади

Қайси давлат органи нимага масъул: чегаралар аниқ ёзиб қўйилади
Давлат органлари функцияларининг очиқ реестри юритиладиган бўлди. Ижро органи раҳбари ва ўринбосари бир вақтнинг ўзида компания раҳбари бўлиши тақиқланди. Масалан, транспорт вазири ва UzAirways раиси ҳозиргидек битта одам бўлиши мумкин эмас. Ҳар хил уюшмаларга давлат ваколатларини бериб, уларнинг раҳбарларини ҳукумат қарори билан лавозимга тайинлаш ҳам бекор қилинади.

21 декабр куни “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари масъулиятини ошириш мақсадида республика ва маҳаллий даражадаги бўғинларнинг функционал чегаралари белгиланди.

2023 йил 1 январдан:
  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида хўжалик бошқаруви органларининг раҳбари вазифасини бажариши тақиқланади;
  • уюшма ва бошқа хўжалик бирлашмаларига давлат ҳокимияти ваколатларини бериш ва уларнинг раҳбарларини Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан лавозимга тайинлаш амалиёти бекор қилинади.

Маълум қилинишича, барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 минг функциялари хатловдан ўтказилганида, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар аниқланган. Шуни инобатга олган ҳолда, республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестри шакллантирилиб, доимий юритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Функциялар ягона реестрини электрон тарзда юритиш имконини берадиган “Давлат функциялари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими юритилади.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан, синов тариқасида, Адлия вазирлиги тизимида идоравий буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қайси давлат органи нимага масъул: чегаралар аниқ ёзиб қўйилади