Бугун, 1 май куни Тошкент шаҳрида Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти ва ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг маълум қилишича, референдумда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган 19 миллион 722 минг 809 нафар фуқародан 16 миллион 673 минг 189 нафари овоз берган. Бу умумий соннинг 84,54 фоизини ташкил этади.
Референдум иштирокчиларидан 15 миллион 40 минг 55 нафари (90,21 фоизи) Конституция ўзгаришига розилик билдирган. Қолган 1 миллион 559 минг 200 нафар қатнашчи (9,35 фоизи) бунга қарши овоз берган.
“Ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенларнинг сони 73 минг 934 дона ёки нол бутун юздан 44 фоиз”, – деди у.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга кўра, агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб ҳисобланади”, – дея қўшимча қилди Низомхўжаев.
Раис ахборотида референдумнинг якуний натижалари Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилиниб, расмий эълон қилингандан сўнг кучга кириши билдирилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг