Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми ҳафта давомида Кавказ ҳудудлари устида шаклланган юқори циклон таъсири остида бўлади. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 май куни республика бўйича қуруқ ва очиқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи 33-35 даражани ташкил этади.
Иш ҳафтасининг қолган кунларида республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, 16 майда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 17 майда Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида ёмғир кучли ёғиши, айрим жойларда дўлга айланиши мумкин.
Ҳарорат фони:
- 16 май кечаси 18-20 даражани, кундузи 31-33 даражани ташкил этади;
- 17 май куни кечаси 13-18 даража бўлади, кундузи 17-22 даражагача пасаяди;
- 18 май куни кечаси 10-15 даража бўлади, кундузи 20-25 даражагача бир оз кўтарилади;
- 19 май куни кечаси 12-17 даражани ташкил этади, кундузи 25-30 даражагача яна бир оз кўтарилади.
15-16 май кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 17 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 метр/сониягача кучайиши кутилмоқда, баъзида 23-25 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, 17-19 май кунлари баъзи жойларда кучли бўлади. Баланд тоғларда (2 000 метрдан юқорида) 17-19 май кунлари ёмғир қорга айланиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 15-16 май кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 17-18 май кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Шамол йўналиши бир оздан ўртачагача ўзгариб туради, чоршанба куни 12-15 метр/сониягача кучайиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг