"Антимикроб воситаларга нисбатан чидамлилик тарқалиши олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон президентининг “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019 - 2025 йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган.
Концепция билан микробга қарши чидамлилик тарқалишининг олдини олиш, шу жумладан микробга қарши терапиянинг оқилона схема ва регламентларига қатъий риоя қилиш, антимикроб терапия тайинлашда микробиология диагностикаси усулларини ривожлантириш ва кенгайтириш каби вазифалар белгилаб берилган.
2022 йилнинг 28 октябрида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар микробларга қарши чидамлилигига қарши курашиш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси тўғрисидаги” Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукумат раҳбарлари кенгашининг қарори имзоланган.
Қуйидагилар антимикроб воситаларга чидамлиликка қарши курашиш борасидаги муҳим устувор йўналишлар этиб белгиланади:
- аҳолининг антимикроб воситаларга чидамлилик тўғрисидаги тушунчаси, хабардорлигини ошириш ва антимикроб воситаларга чидамлиликка қарши курашишда идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;
- кадрлар малакасини оширишни такомиллаштириш, антимикроб воситалардан фойдаланиш ва чидамлиликни назорат этувчи миллий тизимни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, амалга оширилаётган диагностика сифатини яхшилаш, CAESAR, GLASS каби антимикроб чидамлиликни эпидемиологик назорат қилувчи халқаро тизимлардан фойдаланиш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
- тиббий муолажалар билан боғлиқ инфекциялар устидан инфекцион назоратни кучайтириш йўли билан инфекцияларни камайтириш, санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши курашиш тадбирларини кучайтириш, шунингдек чорвачилик ва ўсимликлар ҳимоясида антимикроб воситалардан фойдаланишни камайтириш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
- антимикроб дори воситаларни рецептсиз сотиш амалиётини чеклаш йўли билан ушбу воситалардан мақсадли фойдаланиш амалиётини йўлга қўйиш;
- антимикроб воситаларга чидамлилик масалаларида ўқув дастурларини такомиллаштириш йўли билан мутахассисларни узлуксиз тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш.
- “2023-2027 йилларда антимикроб воситаларга чидамлиликка қарши курашиш дастури” тасдиқланади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
уч ой муддатда рецепт асосида сотиладиган антимикроб дори воситаларини дорихоналар, ветеринария дорихоналари ва агрокимёвий воситаларни сотиш шохобчаларида рецептсиз сотишни тақиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритади;
дастур ижроси бўйича ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб борилишини таъминлайди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг