Давлат ташкилотларининг АКТга масъул ходимлари кўпроқ рағбатлантирилади
Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этишга доир президент фармони асосида 1 августдан бир қанча талаблар белгиланмоқда. Хусусан:
- 1 августдан давлат органларида рақамли технологияларни жорий этишга доир лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига иқтисод қилинган маблағларнинг 50 фоизи келгуси молия йилида мазкур давлат органлари фаолиятида рақамли технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади;
- устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларга рақамлаштириш натижасида иқтисод қилинган маблағлардан ушбу лойиҳа учун масъул ходимларни моддий рағбатлантириш тавсия этилади;
- 1 августдан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро сертификатга эга бўлган давлат ташкилотларининг АКТга масъул ходимларининг лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорда устама тўланади. Халқаро сертификат рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан шакллантирилади ва расмий сайтида эълон қилинади.
Таълим учун тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади
Янги таҳрирдаги Конституцияни амалга оширишга доир президент фармони билан – Конституциядаги белгиланган таълим олиш ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш мақсадида 1 августдан солиқ тўловчилар томонидан, ёшидан қатъи назар фарзандларининг Ўзбекистондаги таълим ташкилотларида ўқишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади.
Сув омборларидаги сейсмологик кузатув электрон платформада қайд этиб борилади
Президентнинг тегишли қарорига кўра, 1 августдан “Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш электрон платформаси” ишга туширилади. Платформани юритиш учун Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази масъул этиб белгиланмоқда.
Компьютер учун ажратиладиган субсидияларни ўз картасига ўтказиш мумкин
Президентнинг тегишли қарори билан, 1 августдан ёшларга компьютер харидлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан микроқарз ҳамда “Ёшлар дафтари”, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармалари ҳисобидан бериладиган субсидия маблағларини ижтимоий контракт асосида ёшлар хоҳишига кўра алоҳида очилган банк картасига (нақдлаштириш имкониятисиз) ўтказишга рухсат берилади.
Хавф даражаси юқори бўлган янги қурилиш объектларининг архитектураси вазирлик ҳудудий бўлинмалари билан келишилади
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ҳамда ваколатли орган фаолиятини ташкил этишга доир президент фармонига кўра, 1 августдан эътиборан хавф-хатар даражаси II — IV тоифа бўлган янги қурилиш объектлари:
- лойиҳа ҳужжатларининг архитектура қисми – Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан келишилади;
- смета қийматини шакллантиришда қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш харажатлари ҳам кўзда тутилади;
- қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишда қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш ва полигонларга жойлаштириш бўйича шартнома тузиш мажбурияти белгиланади.
Туман-шаҳар марказий поликлиникаларида тиббий психолог лавозими жорий этилади
Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилишга доир президент қарори талаблари билан 2023 йил 1 августдан:
- туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари штатларини қисқартириш ҳисобидан — тиббий психолог;
- стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида — суицидолог;
- стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида — амалдаги штатлар доирасида қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.
Сувдан фойдаланишни назорат қилувчи инспекцияси фаолияти кучаяди
Сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилишга доир фармонга кўра, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 1 августдан сувдан самарали фойдаланиш, унинг истеъмоли тартибига риоя этилиши бўйича ўтказиладиган текширувларни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказмасдан амалга ошира олади.
Фундаментал лойиҳаларга хориждаги етакчи олимлар ҳамраҳбар сифатида жалб қилинади
Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилишга доир қарор асосида 1 августдан давлат илмий дастурлари натижадорлигини ошириш бўйича қуйидаги тартиблар жорий этилмоқда:
а) фундаментал лойиҳалар бўйича — хорижий олий таълим ва илмий муассасаларида ишлаётган ҳамда лойиҳа мавзусида муҳим натижаларга эришган, «Scopus» ва «Web of Science» базасида “Хирш” индекси 5 ва ундан юқори бўлган етакчи олимлар ҳамраҳбар сифатида жалб қилинади;
б) янги ишланмалар асосида инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича:
- Инновацион ривожланиш агентлиги тармоқ ташкилотларининг инновацияларга (янги ишланма ва технологияларга) бўлган эҳтиёжлари асосида тижоратлаштириш лойиҳаларини ва инновацион “спин-офф” корхонаси лойиҳасини танлов асосида аниқлайди;
- ғолиб деб топилган лойиҳалар ва инновацион “спин-офф” корхонаси лойиҳаси Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
- инновацион маҳсулотларни келгусида саноатда сериялаб ишлаб чиқариш мақсадида молиялаштирилган ҳар бир лойиҳа тегишли тармоқ корхонасига бириктирилади;
в) тезкор илмий ечимни таъминлаш талаб этиладиган йўналишлар (юқумли касалликлар, техноген ҳолатлар, иқлим ўзгариши ва табиат ҳодисаларига оид, микроэлектроника технологиялари) бўйича 1 йилгача бўлган қисқа муддатли мақсадли амалий ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш тартиби жорий этилади.
Қишлоқ хўжалиги техникалари учун “Ҳисоб-маълумотнома” берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарорига кўра, 1 августдан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини ишлаб чиқарувчи ёки махсус савдо ташкилотларида сотилган янги техникалар учун қонунчиликда белгиланган ҳужжатлар билан бирга Ўзагроинспекцияда рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган “Ҳисоб-маълумотнома” бериш амалиёти жорий этилади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг