17:00 / 09.08.2023
509

Ўзбекистонда пенсия қандай тартибда тайинланади?

Ўзбекистонда пенсия қандай тартибда тайинланади?

Республикада бир неча турдаги пенсиялар мавжуд бўлиб, уларни тайинлаш тартиблари ҳам ҳар хил. Хўш, пенсия тайинлашда қонунчиликда нималар белгиланган?

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда давлат пенсияларининг 3 та тури борлиги белгиланган. Улар:

  • ёшга доир пенсия;
  • ногиронлик пенсияси;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси.

Фуқаро пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда Давлат хизматлари марказларига пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиши мумкин. Қонунга асосан, давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади.

Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи

Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:

  • эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
  • аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.

Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

Ногиронлик пенсиялари

Соғлиғини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб, ногиронликнинг уч гуруҳи аниқланади. Ногиронлик пенсиялари қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилганларга, Чернобил АESдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилганларга тайинланади. Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, тайинланади.

20 ёшга тўлгунга қадар умумий касаллик туфайли иш даврида ёки ишлаш тўхтатилганидан кейин ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқароларга пенсиялар иш стажидан қатъи назар тайинланади.

Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиясидан умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиясига ўтказилганда зарур стаж ногиронлик дастлаб белгиланган вақтдаги ёшга қараб аниқланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиялари

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланади:

а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса, агар улар 18 ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бор бола бўлиб қолган бўлса. Бунда башарти, агар ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;

б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин ёки эр пенсия ёшига тўлган ёки ногиронлиги бор шахс бўлса;

в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

г) бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинса ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қолади. 

Пенсияларни ҳисоблаш тартиби

Пенсия миқдори иш стажининг муддатига боғлиқ бўлиб, қуйидагилардан таркиб топади:

  • пенсиянинг таянч миқдоридан;
  • иш стажи учун пенсиянинг оширилишидан;
  • пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан.

Пенсияларни тўлаш тартиби

Ишламайдиган пенсионерларга пенсияларни яшаб турган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимлари тўлайди. Ишлаётган пенсионерларга пенсия иш жойида тўланади.

Пенсионерларга пенсия уларнинг хоҳишига кўра доимий яшаш ёки вақтинча турган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали нақд пулда ёки пенсионернинг хоҳишига кўра, пул маблағларини банк картасига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

Пенсиялар миқдори

Ҳозирда Ўзбекистонда пенсия олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 839 минг 508 нафарни ташкил қилмоқда. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра:

  • ёшга доир пенсия олувчилар 3 миллион 182 минг 617 нафар;
  • ногиронлик пенсиясини олувчилар 426 минг 532 нафар;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчилар 230 минг 359 нафар.

Январь—июнь ойларида 121 минг 620 нафар фуқарога ёшга доир пенсия, 15 минг 326 кишига ногиронлик пенсияси, 9 минг 255 та оилага боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган.

Республикада 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 347 минг сўм этиб белгиланган. Ёшга доир энг кам пенсия миқдори эса 677 минг сўм. Ногиронлик пенсияси, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиянинг энг кам миқдори 747 минг сўм ҳисобланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда пенсия қандай тартибда тайинланади?