21:21 / 29.11.2024
2

Сенат: Ўзбекистон йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда

Сенат: Ўзбекистон йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда
Фото: senat.uz
29 ноябр куни Олий Мажлис Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонуннинг йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишга оид қисми ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд қилинишича, бугунги кунда аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ва эндемик буқоқ касаллигининг олдини олиш борасидаги ишлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида амалга оширилмоқда. Натижада йод танқислиги ҳолатларининг тарқалиш даражаси 31 фоизни ташкил этиб, 20 йил мобайнида 2,5 баробарга камайган. Бироқ, Ўзбекистон ҳали ҳам йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Аҳоли орасида эндемик буқоқдан касалланиш кўрсаткичларини камайтириш ва ош тузини йодлаш бўйича талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш зарурияти ҳам юзага келган.

2023 йилда йод танқислиги касаллиги ҳар 100 минг аҳолига Қорақалпоғистон Республикасида (2160,7), Сурхондарё (1883,3), Жиззах (1494,0) Бухоро (1262,2) вилоятларида мамлакат кўрсаткичларига нисбатан (912,4) баланд бўлган. Шу даврда йод танқислиги кўрсаткичи болалар ва ўсмирлар орасида мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига ўртача 712,3 ва 3593,6 нафарни ташкил этган. Ушбу кўрсаткичлар “йод танқислиги пандемияси” давом этаётганлигини англатади.

Ўзбекистонда ош тузи ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва ундан фойдаланувчи 94 та корхона мавжуд. Уларнинг бор-йўғи 24 тасида лабораториялар бор, фақатгина 72 тасида дозатор ўрнатилган. Аммо ўрнатилган айрим дозаторлар мутлақо талабга жавоб бермайди.

Туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган 263 та намунадан 65 тасида (25%), савдо ва умумий овқатланиш шахобчаларидан олинган 1110 та намунанинг 347 тасида (31,5%), мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан олинган 3613 та намунанинг эса 1263 тасида (35%) йод миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган. Айрим ҳолларда қадоқларга йодланган ош тузи деб, аслида йодланмаган техник туз солинаётгани аниқланган.

Айрим тадбиркорлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни суиистеъмол қилиб, аҳолининг соғлиғи учун зарарли бўлган маҳсулотларни сотишни давом эттирмоқда. Мажлис якунлари бўйича қўмиталарнинг аниқ таклифлар акс этган қўшма қарори қабул қилинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сенат: Ўзбекистон йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда