Шавкат Мирзиёев Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4—5 февраль кунлари расмий ташриф билан Малайзияда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, ташриф давомида бош вазир Анвар Иброҳим билан икки томонлама музокаралар, Малайзиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда кўзда тутилган.
Бўлажак олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон—Малайзия дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда амалий ҳамкорликни, шу жумладан, савдо, инвестициялар, инновациялар, технологик кооперация, нефть-кимё, электроника, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда кенгайтириш масалалари ўрин олган. Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Етакчилар халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини ҳам кўриб чиқади.
Саммит якунида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма баёнот ва салмоқли битимлар тўплами қабул қилиниши режалаштирилган.
Ташриф арафасида Малайзияда бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, етакчи таҳлил марказлари ва тадқиқот тузилмаларининг учрашуви бўлиб ўтди. Яқин кунларда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари, икки мамлакат етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Малайзия бош вазири 2024 йил 17—19 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлганди. Ўзбекистон президенти олий даражадаги ушбу ташриф сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётганини, икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очаётганини таъкидлаганди. Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилиб, унда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилганди.
29 май куни Путражая шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди. Ўзбекистон—Малайзия ишбилармонлар кенгаши тузилди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар