Президент Шавкат Мирзиёев 3 феврал куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Қайд этилишича, бу йил 5 миллион 200 минг аҳолини бандлигини таъминлаб, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш, 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 30 миллиард доллардан ошириш режа қилинган. Йиғилишда шу борада бошланган ишлар ва дастлабки натижалар ҳақида ахборот берилди.
Таъкидланишича, январ ойида 277 минг фуқаро ишли бўлган. Шундан 91 минг нафари доимий ишга жойлашган, 153 минги тадбиркорликка жалб қилинган.
Камбағалликни қисқартириш бўйича 32 та йўналишда янги ёндашувлар жорий этиляпти. Яқинда вазирлик ва ҳокимликлар мутахассисларидан иборат гуруҳлар Хитойга бориб, тажриба алмашиб келди. Энди жойлардаги имкониятлар аҳолига тушунтирилиб, даромад топишга кўмаклашилади.
Иш ўринлари ва инвестиция ўзаро боғлиқ. Бу йил қарийб 14 миллиард долларлик 8 мингта лойиҳани амалга ошириб, 272 мингта доимий иш жойи яратиш режалаштирилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган ойда Ўзбекистонга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция келган. Феврал ойида ҳам шунча инвестиция олиб келиш, 623 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилган. Йиғилишда лойиҳалар бўйича манзилли ишлаб, суръатни кескин ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йил бошидан буён экспорт ҳажми 1 миллиард 300 миллион долларга етган. Мутасаддиларга хорижий ҳамкорлар билан ишлаб, тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқишга кўмаклашиш, янги корхоналарни экспортга жалб этиш бўйича топшириқлар берилди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар