14:53 / 26.02.2025
31

Ўзбекистон ва Покистон стратегик шерикликни кенгайтириш устувор йўналишларини белгилади

Ўзбекистон ва Покистон стратегик шерикликни кенгайтириш устувор йўналишларини белгилади
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Покистон етакчилари стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Тошкентга расмий ташриф билан келган Покистон бош вазири тантанали кутиб олинди. Маросимдан сўнг тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказилди. Учрашув давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, қабул қилинган “йўл харитаси” асосида ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, имтиёзли савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария ва карантин талабларини соддалаштириш, божхона тартибларини енгиллаштириш, стандартларни уйғунлаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, банклараро ҳисоб-китоб механизмларини такомиллаштириш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

Етакчилар фармацевтика, электр техника, қишлоқ хўжалиги техникаси, геология, минерал ресурслар, тўқимачилик, чарм саноати каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари юзасидан фикр алмашди.

Давлат раҳбари ҳудудлараро ишбилармонлик ва маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида икки давлат ҳудудлари форумини ўтказишни таклиф этди.

Транспорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон мультимодал йўлаги орқали юк ташиш ҳажми беш баравар ошгани қайд этилди. Ушбу юк ҳажмини янада ошириш мақсадида қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этиш ва Трансафғон темир йўли қурилишини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йилнинг июл ойида Лахор шаҳрида ўтказиш режалаштирилди.

Томонлар маданий-гуманитар ва туризм соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро маданият ҳафталиклари ва туризм дастурларини ўтказиш бўйича келишувга эришдилар.

Етакчилар халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири терроризм, радикализм, исломофобия ва хавфсизликка таҳдид солувчи замонавий таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш ва унинг илк йиғилишини келгуси йилда ўтказиш режалаштирилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилинди.

Покистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 25 феврал куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди. Тошкент халқаро аэропортида уни бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Кичик суҳбатдан сўнг, Шахбоз Шариф Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди ва Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. 26 феврал куни Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида Покистон бош вазирининг расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Ташриф якунида қўшма декларация ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Ташриф доирасида етакчилар Ўзбекистон—Покистон қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон—Покистон муносабатлари

Покистон 1991 йил 20 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган давлатлардан бири ҳисобланади. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар 1992-йил 10-майда ўрнатилган. Сўнгги йилларда иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга чиқди. 2019 йилда 122 миллион доллар бўлган савдо айирбошлаш ҳажми 2023 йилга келиб 387 миллион долларга етди.

2024 йилда эса товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошиб, қўшма корхоналар сони 130 тага етди. Караçи ва Тошкентда савдо уйларининг очилиши, Тошкент ва Лахор ўртасида тўғридан-тўғри авиқатновларнинг тикланиши ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Фаол сиёсий мулоқотлар, самарали парламентлараро ва идоралараро алоқалар давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон