
5 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш фаолияти юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай, судяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди. Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
«Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга одил судловни амалга оширишда адвокатлар ўрни жуда муҳимлиги, бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олишлари учун имконият яратиш кераклиги қайд этилди.
«Мутасаддиларга уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Ислоҳотларимиз натижадорлиги аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши шарт», – деди президент.
Шу мақсадда мактаб директорлари Тарбия фани доирасида ўғил-қизларимизга ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориши кераклиги таъкидланди.
Ректорлар эса талаба ва ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиши зарур.
Умуман, «коррупция – келажакка таҳдид» деган ғоя асосида Янги Ўзбекистон ёшлари қалбидан жой оладиган тизим яратилса, айни муддао бўлиши таъкидланди.
Президент жамоатчилик вакиллари ва нодавлат ташкилотларига мурожаат қилди.
«Коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Умуман, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак.
Шу боис, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилишимиз зарур. Аввало, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш лозим. Бу – энг тўғри йўл», - деди давлат раҳбари.
Парламент нодавлат ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Масалан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича конвенция талабларини мониторинг қилишга нодавлат ташкилотлар жалб қилинса, катта самара беришига ишонч билдирилди.
Ушбу мақсадлар учун янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳар йили 10 миллиард сўмдан ажратиб борилади.
«Коррупцияни енгиш учун биринчи навбатда унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган “ўқ илдизларини” қуритишимиз шарт.
Энг ачинарлиси, бунга таниқли шахслар бош-қош бўляпти, одамлар уларга тенглашаман деб, ўзини “ўтга-чўғга” уряпти.
Бу борада айрим раҳбарлар ўзининг камтарона турмуш тарзи билан барчага намуна бўлиш ўрнига, бундай сохта қадриятлар асирига айланиб, ноқонуний даромад топишга интилаётгани ҳам бор гап», - деди президент.
Шу боис, давлат раҳбари парламент палаталари, маҳаллий кенгашлар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла раислари, нуронийларни бу масалага бош-қош бўлиб, аҳоли орасида тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.
«Коррупцияга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз.
Шу боис, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак.
Бугун сизлар билан бирга белгилаб олинган барча вазифалар айнан ана шундай руҳда ишлаб, аниқ натижага эришишга қаратилган.
Сизлар бу ҳақиқат ва талабни чуқур англаб, уларни амалга оширишда алоҳида жонбозлик кўрсатасиз, барчага намуна бўласиз, деб ишонаман», - деди президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар