14:58 / 19.03.2025
231

15 та туман ва шаҳарларда давлат идоралари битта бинога кўчирилади

15 та туман ва шаҳарларда давлат идоралари битта бинога кўчирилади
Президент Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашув ўтказмоқда.

Учрашувда давлат раҳбари 2025 йил учун соҳадаги асосий мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтди. Унга кўра, қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

– кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга кўтариб, 70 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш;
– янги бозорларга кириб боришда транспорт, сертификат ва стандарт масалаларига кўмаклашиб, кичик бизнес экспортини ўтган йилги 9 миллиарддан 12 миллиард долларга олиб чиқиш;
– ичимлик суви, канализация, йўл, қурилиш, коммунал хўжалик, етказиб бериш, утилизация, миграция, маданият ва ижтимоий хизматларда кичик бизнес улушини 2-3 карра ошириш;
– 1,5 миллион доимий иш ўрни ташкил қилиб, соҳада банд аҳоли улушини 75 фоизга етказиш;
– 100 нафардан кўп ишчиси бор корхоналарни 4 мингтага олиб чиқиш;
– кичик бизнесда янги 100 та бренд маҳсулот чиқаришни йўлга қўйиш;
– кичик бизнес иштирокида 200 та стартап лойиҳаларни молиялаштириш.

Қайд этилишича, яратилган шароитлар ҳисобига уч йилда 250 мингта янги корхона иш бошлаган. Уларнинг кўпчилиги “оёққа туриб”, фаолиятини кенгайтириши учун ер ва бино керак.

“Ҳокимлар ерларни танлашда, энг аввало, кенгайиш истагида юрган, лойиҳаси тайёр тадбиркорлар сўраган жойларни аукционга чиқариши зарур”, дея таъкидлади президент.

Масалан, Юнусободдаги “Мингбоев роботикс” корхонаси ногиронлиги борлар учун протез ва экзо-скелетлар ясаб, 100 га яқин одамни фаол ижтимоий ҳаётга қайтарган. Тадбиркор фаолиятини кенгайтириш учун ногиронлиги бўлган одамлар бемалол кириб-чиқиши учун қулай жой сўраган.

Бундай юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорларга 10 минг квадрат метргача бўлган давлат объектлари 5 йилга бепул ижарага берилиши белгиланди.

Шу билан бирга, бу борада янги тизим жорий қилинади: 15 та туман ва шаҳарда барча давлат идоралари туманлар марказидаги битта кўп қаватли бинога кўчирилади. Янги биноларнинг 1-2-қаватлари тадбиркорларга сотилади.

Ушбу туманларда давлат идораларидан бўшайдиган 150 та бино аукционда тадбиркорларга таклиф қилинади. Бу йил кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари инфратузилмасига ажратилиши белгиланган 1 трлн сўмга қўшимча 500 млрд сўм ажратилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон