date
views 90

«Ўзбеккосмос» SpaceX билан ҳамкорлик қиладими?

«Ўзбеккосмос» SpaceX билан ҳамкорлик қиладими?
Ўзбекистоннинг Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») вакиллари АҚШга ташриф давомида Лос-Анжелесдаги SpaceX компанияси билан муҳим музокаралар ўтказди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда ўзбекистонлик ёш муҳандислар томонидан Япониянинг Кюсю технология институтида ўқиш жараёнида йиғилиши режалаштирилган илмий-технологик сунъий йўлдошни SpaceX ракетасида фазога учириш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, «Космик тадқиқотлар ва технологиялар – 2035» стратегияси бўйича фикр алмашилиб, SpaceX компанияси вакиллари мазкур ҳужжатнинг лойиҳасини кўриб чиқиб, уни янада такомиллаштириш бўйича маслаҳат ва таклифларини беришга тайёрлигини билдирган.

«Ўзбеккосмос» делегацияси SpaceX компаниясининг машҳур Falcon 9 ракетасининг ишлаб чиқариш жараёни ва технологиялари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Калифорнияда бўлган ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланиш тажрибасини ўрганган. Хусусан, улар Мадера ерости сувлари барқарорлиги агентлиги, 108-сонли мелиорация округи, Окдейл ирригация округи ҳамда Davids Engineering ва Land IQ компаниялари билан учрашувлар ўтказган. АҚШда фермерларнинг ерости сувларини ортиқча ишлатишининг олдини олиш мақсадида сув истеъмолига чекловлар ва жарималар жорий этилгани ҳақида маълумотлар олинган.

Шу билан бирга, делегация геоахборот тизимлари бўйича дунёдаги энг етакчи дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси Esri компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорлик ва мунтазам тренинглар ўтказиш борасида музокаралар ўтказди.

Ташриф доирасида «Ўзбеккосмос» вакиллари Колорадо-Спрингс шаҳридаги Space Symposium халқаро конференциясида ҳам иштирок этган. Ушбу тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатдан 10 мингдан зиёд мутахассислар иштирок этган.

Халқаро конференция давомида «Ўзбеккосмос» ва Корея Аэрокосмик администрацияси (KASA) ўртасида англашув меморандуми имзоланган бўлиб, унга кўра, космик таълим, тадқиқотлар, сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш ва ер усти космик инфратузилмасини яратиш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган космик стратегиясини амалга оширишда Франциянинг Novaspace консалтинг компанияси билан ҳам консультатив ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Халқаро Астронавтика федерацияси ижрочи директори билан 2028 йилда бўлиб ўтадиган «IAC» халқаро конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича маслаҳатлашувлар олиб борилган.

Сиз нима деб ўйлайсиз: ўзбек сунъий йўлдоши SpaceX ракетасида учса, бу мамлакат илмий тараққиёти учун қандай аҳамиятга эга бўлади?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Ўзбеккосмос» SpaceX билан ҳамкорлик қиладими?