date
views 40

Ўзбекистонда илк шоколад музейи очилди

Ўзбекистонда илк шоколад музейи очилди
Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги биринчи Шоколад музейи очилди, деб UPL.uz хабар берди. Яқинда этнографик «Наврўз» боғида ноёб маданий маскан – Шоколад музейи фаолият бошлади. Бу лойиҳа Iman Chocolate & Fruits компанияси ташаббуси билан амалга оширилди.

Музей меҳмонларни шоколад тарихига бағишланган қизиқарли саёҳатга олиб киради. Бу ерда қадимги цивилизациялардан то замонавий кондитерлик санъатигача бўлган жараён ҳақида маълумот берилади.

Экспозицияда Ўзбекистон ва жаҳон меъморий обидаларининг шоколаддан ясалган миниатюралари, шунингдек, тарихий шахсларнинг ҳайкаллари намойиш этилган. Жами 19 та экспонат бор, шулардан 16 таси музей усталари томонидан қўлда ясалган эксклюзив шоколад ҳайкалларидир.

Кўргазмада Тошкент ва Самарқанддаги мадрасалар, Қалта-Минор минораси, Алишер Навоий ва Амир Темур, шунингдек, Тож-Маҳал, Эркинлик ҳайкали, Эйфель минораси, Колизей ва Танос қўли каби шакллар мавжуд.

Бу санъат асарлари учун асосан қора шоколаддан 850 кг ишлатилган, иккита объект оқ шоколаддан тайёрланган. Ҳар бир ҳайкалга камида етти кунлик меҳнат сарфланган. Улар шоколад лак билан қопланган бўлиб, тегишли шароитда бир йилгача сақланади.

Музейда меҳмонлар шоколаднинг ривожланиш тарихи билан танишишлари, экспонатларга тегишлари мумкин. Шунингдек, музейда ишлаб чиқариш цехи ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда шоколад тайёрлаш жараёни тўлиқ кўрсатилади.

Яқинда тажрибали кондитерлар раҳбарлигида мастер-класслар ҳам ташкил этилади. Музей ҳар куни 9:00 дан 18:00 гача очиқ.

Чипталар нархи:
• болалар учун – 50 000 сўм;
• катталар учун – 75 000 сўм;
• сайёҳлар учун – 100 000 сўм.

Бу музей очилиши маданий туризм ривожига ҳисса қўшиши ва миллий кондитерлик санъатини оммалаштириши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда илк шоколад музейи очилди