
Ўзбекистон ҳудудида ўсиб турган, тарихий ва табиий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган яна 9 та ноёб ва қадимий дарахт Monumental Trees халқаро рўйхатидан ўрин олди. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, бу рўйхатдан Қорақалпоғистон Республикаси, Чимбой туманида жойлашган 100 йилдан зиёд умр кўрган 5 туп қайрағоч дарахти ўрин олган. Шунингдек, Жиззах вилоятининг марказида жойлашган ва ёши 200 йилдан ошиб кетган тут дарахти ҳам халқаро рўйхатга киритилган.

Самарқанд вилояти ҳам ўзининг асрий дарахтлари билан ушбу халқаро рўйхатдан жой олди. Каттақўрғон шаҳридаги ёши тахминан 250-300 йил бўлган тут дарахти, Нарпай туманидаги 450 ёшли ва Пайариқ туманидаги 1000 йилдан кўпроқ яшаган чинор дарахти Monumental Trees рўйхатидан ўрин олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги 1500 йиллик шарқ биотаси дарахти, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги ёши 1160 йилга етган чинор, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 1000 йиллик арча, 800 йиллик ёнғоқ ва 600 йиллик чинор, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 900 йиллик чинор, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 700 йиллик чинор ва Жиззах вилояти Зомин миллий табиат боғидаги 700 йиллик бобоёнғоқ дарахтлари ҳам Monumental Trees халқаро рўйхатига киритилган эди.

Экология вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида ушбу халқаро рўйхатга ўзининг табиий мерос объектларини киритган биринчи давлат ҳисобланади. МДҲ давлатлари ичида эса Ўзбекистон ушбу рўйхатдан ўрин олган учинчи мамлакат бўлди (Россия ва Озарбайжондан кейин).
Monumental Trees лойиҳаси жаҳондаги энг қадимий ва катта дарахтлар ҳақида маълумот тўпловчи халқаро онлайн платформа бўлиб, унда дарахтларнинг фотосуратлари, ўлчамлари (баландлиги, диаметрлари), координаталари ва бошқа муҳим маълумотлар чоп этилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар