
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия доирасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, қийноқ ва шафқатсиз муносабатнинг олдини олиш ҳамда одам савдосига қарши курашиш механизмлари халқаро стандартларга мос ҳолда такомиллаштирилади.
Мазкур миллий стратегиянинг «йўл харитаси»га мувофиқ, қийноққа солиш, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи ҳаракатларга қарши тезкор ва самарали текширувлар ўтказишнинг янги механизмлари жорий этилади. Бу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилишнинг янги тартибини яратиш учун халқаро илғор тажрибалар чуқур ўрганилади.
Шу билан бирга, хорижий давлатлардаги энг яхши амалиётларга асосланган таклифлар тайёрланади ва улар миллий қонунчиликка татбиқ этилади. Бундан ташқари, «Омбудсман қутиси» орқали мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилади ва бу турдаги мурожаатларнинг тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида махсус тартиб ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Қийноқ ҳолатларини ўрганиш ва жавобгарлик масалаларига оид механизмларни янада яхшилаш, бу борада тезкор чораларни кўришнинг самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда.
Одам савдосига қарши кураш борасида ҳам муҳим қадамлар қўйилади. Бунда жиноятчиларнинг жазодан қочиб қутулишига йўл қўймаслик учун халқаро меъёрларга мос равишда жавобгарлик чоралари кучайтирилади.
Шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ суд ишларининг натижалари, бу турдаги жиноятларни содир этганларнинг сони ва уларнинг жавобгарликка тортилганлик ҳолати таҳлил қилинади. Айниқса, аёллар ва болалар савдосига қарши курашиш бўйича қонунларга риоя этилиши доимий мониторинг қилинади.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни самарали тергов қилиш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий қилинади.
Шу билан бирга, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ижросининг мониторинги олиб борилади, бунинг натижалари асосида қонунчиликни ва ҳуқуқий амалиётни янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар тайёрланади ҳамда амалга оширилади.
Бу чора-тадбирларнинг барчаси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга, фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар