
Ўзбекистонда мол-мулкни сотиш, ижарага бериш, мерос қолдириш, гаровга қўйиш каби жараёнлар осонлашади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган кадастр тизимидаги режаларга оид тақдимотда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев ер ҳисобини юритиш ва кадастр хизматини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга оид тақдимот билан танишди.
Мамлакатда кўчмас мулкларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона маълумотлар базаси – UZKAD тизими ишга туширилган. Ҳозиргача 150 мингта турар ва 707 мингта нотурар жой, 44 мингта кўп қаватли уй ҳақидаги маълумотлар ушбу янги тизимда акс эттирилган.
Маълум қилинишича, бу йил 400 мингта якка тартибдаги уй UZKAD тизимига киритилади.
“Натижада мол-мулкни сотиш, ижарага бериш, мерос қолдириш, гаровга қўйиш каби жараёнлар осонлашади. Келгусида 6 миллион 300 мингдан зиёд барча якка тартибдаги уйлар ушбу тизимда акс эттирилади”, — дейилган хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг 5 мартдаги фармонига мувофиқ, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Бунинг учун Кадастр агентлигида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази очилди. Унга 40 миллиард сўм ажратилиб, малакали мутахассислар жалб қилинди ва амалий ишлар бошлаб юборилди.
“Оммавий баҳолаш бу йил Тошкент шаҳрида бошланиб, кейинги йилларда Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда қолган ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Соҳада бюрократияни кескин камайтириб, кадастр хизматлари сифатини ошириш, тадбиркорларга енгилликлар яратиш вазифаси қўйилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 45 миллион гектарга яқин ер майдони бор. Рақамлаштириш жорий этилгани натижасида 42 миллион гектар ер, яъни жами майдонларнинг 94 фоизи давлат рўйхатидан ўтказилди. Транспорт, алоқа, геодезия, энергетика, йўл каби 13 турдаги давлат кадастри бўйича маълумотлар 100 фоиз шаклланди. Яна 7 та йўналиш бўйича ишлар якуний босқичда.
Мол-мулк СотишКадастр ХизматлариЎзбекистон ПрезидентиОммавий БаҳолашЕр Ҳисобини ЮритишТошкент Шаҳри Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар