date
views 256

АҚШ расмийлари Ўзбекистон президентига миннатдорчилик билдирди

АҚШ расмийлари Ўзбекистон президентига миннатдорчилик билдирди
Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ноқонуний муҳожирларни ватанларига қайтариш бўйича тарихий операцияда Ўзбекистоннинг кўрсатган кўмаги учун президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорчилик билдирди. АҚШнинг Fox News Digital нашри хабар қилишича, бу амалиёт доирасида 131 нафар Марказий Осиё мамлакати фуқаролари Ўзбекистон томонидан тўлиқ молиялаштирилган махсус чартер рейси орқали ватанларига юборилган.

«Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасида эришилган келишувга кўра, чоршанба куни 100 дан ортиқ ноқонуний муҳожирларни ортган махсус рейс Ўзбекистонга учиб кетди. Уларнинг ўз ватанига қайтиши билан боғлиқ барча молиявий харажатлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан қопланмоқда. Бу Доналд Трамп президентликка киришганидан бери илк марта хорижий давлат билан амалга оширилган бундай ҳамкорлик ҳисобланади», – деб хабар беради Fox News нашри.

Америка Қўшма Штатлари ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм мазкур операцияда шахсан раҳбарлик қилган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга алоҳида эътироф билан мурожаат қилди:

«Биз 131 нафар ноқонуний муҳожирни ўз ватанига қайтариш бўйича самолёт жўнатиш амалиётини шахсан ташаббус билан амалга оширган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирамиз. Бу каби ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида хавфсизликни таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидаги яқин алоқаларнинг ёрқин намунасидир. Биз бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан мустаҳкам ҳамкорлик қилишни сабрсизлик билан кутамиз», – дея қайд этди АҚШ вазири.

Манбада алоҳида таъкидланишича, Ўзбекистон томонидан тўлиқ молиялаштирилган бу репатриация жараёни икки давлат ўртасидаги чуқур хавфсизлик ҳамкорлигини, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари учун муҳим вазифалардан бири эканини яна бир бор исботлаган.

Шу билан бирга, Fox News нашрига кўра, бу операция бошқа давлатлар билан АҚШнинг миграция масалаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ва йўлларини кўрсатиб берадиган намунавий ҳолат бўлиб хизмат қилиши мумкин. Айтилишича, бу натижага эришиш учун АҚШ Давлат департаменти, Ички хавфсизлик вазирлиги, Оқ уй, Миллий хавфсизлик кенгаши ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида бир неча ой давомида дипломатик музокаралар олиб борилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ, 30 апрель куни икки томонлама келишув асосида АҚШ ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган ўзбекистонликларни мамлакатга қайтариш учун Ню Йорк—Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейс ташкил этилиши ҳақида хабар берган эди.

Қайд этилишича, мазкур операция виза тартибини бузган ёки АҚШда қонуний яшаш муддати тугаган фуқароларни мамлакатга қайтаришга қаратилган бўлиб, инсонпарварлик ҳамда ҳуқуқий тамойилларга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилган. Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари фуқароларнинг хавфсиз ва муносиб шароитларда Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланишини таъкидлашган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » АҚШ расмийлари Ўзбекистон президентига миннатдорчилик билдирди