date
views 35

Сиртқи таълимга қабул тўхтатилади

Сиртқи таълимга қабул тўхтатилади
Президентнинг “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони қабул қилинди.

Фармон билан “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси негизида Президент администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади.

Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, малакаларни баҳолаш соҳаларида ташқи сифат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини (таълим ташкилотлари) комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади. Бунда:
  • комплекс давлат аккредитацияси ҳар 5 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади;
  • махсус давлат аккредитацияси кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилаётган таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин ўтказилади.

Шунингдек, агентлик таълим ташкилотлари битирувчиларининг замонавий меҳнат бозори талабларига мослигини ўрганиш мақсадида Умуммиллий иш берувчилар сўровномасини ўтказади.

2025/2026-ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилди. Шунингдек, кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади.

Мазкур талаб давлат олийгоҳлари учун ҳам, нодавлат (хусусий) олийгоҳлар учун ҳам бирдек амал қилади. Бунда сиртқи таълимга қабул барча йўналишларда тугатилади. Ҳозир ўқиётган юқори босқич талабалари ўқишини сиртқида давом эттиради.

Сиртқи таълимнинг ўрнига кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади. Шунингдек, мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time education) бўйича ўқитишга рухсат берилади.

Олийгоҳларда муқобил таълим шакллари бўйича умумий қабул квотасини кундузги таълим шакли қабул натижасининг 50 фоизидан оширишга йўл қўйилмайди. Магистратура босқичида муқобил таълим шаклида ўқитишга рухсат берилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сиртқи таълимга қабул тўхтатилади