
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим соҳаси ривожланиб, халқаро миқёсда ҳам обрў орттирмоқда. Бунда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таълим олиш истагидаги хорижлик талабаларнинг сони ортиб бораётгани муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Миллий статистика қўмитаси томонидан маълум қилинишича, 2024/2025 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги университет ва институтларда таҳсил олаётган хорижлик ёшлар сони 12 минг 500 нафарга етган.
Таъкидланишича, хорижлик талабалар орасида энг кўп сонли мамлакат Ҳиндистон бўлиб, ушбу мамлакатдан келган талабалар сони 6502 нафарни ташкил қилмоқда. Бу эса умумий хорижий талабаларнинг ярмидан ортиғи демакдир.
Ҳиндистонлик ёшларнинг Ўзбекистонни танлаш сабаби сифатида таълимнинг юқори сифати, қабул қилиш жараёнининг қулайлиги ҳамда икки мамлакат ўртасидаги яхши дипломатик ва маданий алоқалар кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, қўшни мамлакатлар ҳам Ўзбекистоннинг таълим тизимига қизиқиш билдирмоқда. Масалан, Туркманистондан 1430 нафар талаба мамлакатимиз олийгоҳларида таҳсил олаётган бўлса, Покистондан 1250 нафар ёш Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида билим олмоқда.
Россиядан келган талабалар сони ҳам салмоқли бўлиб, бугунги кунда 732 нафар россиялик талаба Ўзбекистонда ўқияпти. Қозоғистонлик талабалар сони эса 639 нафарга етган.
Қўмита тақдим этган маълумотларга кўра, хорижлик талабалар сони бўйича мамлакатлар кесими қуйидагича шаклланган:
- Ҳиндистон – 6502 нафар
- Туркманистон – 1430 нафар
- Покистон – 1250 нафар
- Россия – 732 нафар
- Қозоғистон – 639 нафар
- Қирғизистон – 369 нафар
- Хитой – 325 нафар
- Тожикистон – 322 нафар
- Корея – 197 нафар
- Афғонистон – 157 нафар
- Канада – 126 нафар
- Бошқа мамлакатлар – 431 нафар
Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистондаги таълим соҳасидаги ислоҳотлар хорижлик ёшлар учун мамлакатимизнинг жозибадорлигини янада оширмоқда. Бунда мамлакатимиздаги таълим сифатининг юқори даражада экани ва ўқув жараёнларининг халқаро стандартларга мослашуви муҳим аҳамият касб этади.
Экспертларнинг таъкидлашича, келгуси йилларда ҳам бу тенденциянинг давом этиши ва Ўзбекистондаги хорижий талабалар сони янада кўпайиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда юқорилашига ва глобал нуфузининг янада ортишига хизмат қилади.
Таълим СоҳасиХорижлик ТалабаларҲиндистон МамлакатЎзбекистон ОлийгоҳлариСтатистика МаълумотлариХалқаро Рейтинглар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар