
Ўзбекистонда ҳафта охиригача асосан қуруқ ва жуда иссиқ об-ҳаво ҳукмрон бўлади. Бу ҳақда мамлакатнинг Гидрометеорология хизмати («Ўзгидромет») маълум қилди.
Метеорологларнинг таъкидлашича, республика ҳудуди бўйича 12–16 май кунлари асосан кам булутли ва қуёшли ҳаво кузатилади. Фақат айрим тоғли туманларда 12 ва 13 май кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Ҳафтанинг бошидаги ҳаво ҳарорати ҳам ёзги кайфиятни эсга солади: душанба куни мамлакатнинг кўп қисмида ҳаво +32…+35 даража атрофида бўлади. Шимолий вилоятлар, жанубий ҳудудлар ҳамда чўлли минтақаларда эса ҳарорат янада юқори – +37…+39 даражагача кўтарилиши мумкин.
Сешанба кунидан эътиборан мамлакат ҳудудига жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келиши кучаяди ва ҳафта давомида ҳаво ҳарорати тобора ошиб боради. Иш ҳафтасининг охирига келиб, кундузги вақтларда республика бўйлаб ҳарорат +37…+40 даражага, айрим ҳудудларда эса ҳатто +41…+42 даражагача етиши прогноз қилинмоқда.
Мазкур даврда шимолий ва чўлли ҳудудларда кучли шамолнинг тезлиги соатига 15–18 метргача етиши эҳтимолли бўлиб, бу эса айрим жойларда чанг-тўзон бўронлари билан бирга кузатилиши мумкин.
Пойтахт Тошкент шаҳрида эса, Гидрометеорология хизмати маълумотига кўра, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво асосан очиқ ва қуёшли бўлиб туради, шамол эса шарқ томондан соатига 3–8 метр тезлик билан эсади.
Тошкентда ҳаво ҳарорати кундан-кунга кўтарилиб боради: 12 май куни кундузи +33…+35 даража бўлса, 13−14 май кунлари +35…+38 даража, 15−16 май кунлари эса ҳатто +38…+41 даражагача исийди. Кечалари ҳам ҳарорат паст бўлмайди: +19…+21 даражадан бошланиб, ҳафта сўнгида +23…+25 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Мутахассислар аҳолига куннинг энг иссиқ вақтида бевосита қуёш остида юрмасликни, кўпроқ сув истеъмол қилишни ҳамда салқин жойларда бўлишни тавсия этмоқда.
Zamin.uz таҳририяти об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни мунтазам кузатиб, сизни тезкор янгиликлар билан таъминлаб туради. Эҳтиёт бўлинг ва соғлиғингизни асранг! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар