
Ўзбекистонда миллий туризм салоҳиятини ошириш ва ўзбек брендини жаҳонга олиб чиқишга қаратилган яна бир муҳим ташаббус амалга оширилди. Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда хорижда ўзбек миллий таомларини тарғиб қилувчи тадбиркорларга давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Субсидиялар қандай берилади?
Туризм қўмитаси томонидан белгиланган етакчи давлатларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ҳар йили камида 50 та ўзбек миллий таомларига ихтисослаштирилган ресторан ва умумий овқатланиш корхоналари ташкил этилганда, қуйидаги харажатлар давлат томонидан бир мартага субсидияланади:
- Рўйхатдан ўтиш, рухсатнома олиш;
- Ижара ва дизайн ишлари;
- Зарур ускуналар ва анжомлар харид қилиш.
Бу харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилади, лекин субсидия миқдори 25 минг доллардан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, чет элда фаолият юритаётган ресторанлар учун ҳар йили 300 кггача маҳсулотни Ўзбекистондан етказиб бериш билан боғлиқ транспорт харажатларининг 50 фоизи (максимум 100 миллион сўм) тўлаб берилади.
Ушбу мақсадлар учун ҳар йили давлат бюджетидан 30 миллиард сўм ажратилади.
Медиа тарғиботга ҳам алоҳида маблағ
2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача меҳмонхоналар ва ресторанлар томонидан тайёрланган видеоконтент, реклама роликлари, клиплар, аниме материаллар ва бошқа аудиовизуал тарғибот ишлари учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи (бир объект учун 50 миллион сўмгача) ҳам Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қоплаб берилади. Бу йўналиш учун ҳар йили 20 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.
Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси
Эслатиб ўтамиз, 2 май куни Президент раислигида ўтказилган йиғилишда хорижда ўзбек миллий таомларини кенг тарғиб қилаётган рестораторларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланганди. Давлат раҳбари тегишли мутасаддиларга хорижда ресторан очиш жараёнида рўйхатдан ўтиш, рухсатнома олиш ва бошқа ташкилий масалалар билан боғлиқ харажатларни субсидиялаш вазифасини топширган эди.
Zamin.uz таҳририятидан:
Бу фармон фақат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш воситаси эмас, балки ўзбек таомлари ва маданиятини жаҳонга танитиш йўлидаги катта қадамдир. Сиз ҳам ўзбек таомхоналарини чет элда кўпайтириш ғоясини қандай баҳолайсиз?
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг