17:37 / 25.11.2016
7 318

Мамлакатимиз мудофаа қобилияти янада мустаҳкамланади

Мамлакатимиз мудофаа қобилияти янада мустаҳкамланади

Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига рахна солишга уринадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига қарши кескин зарба берилади.

Ушбу ғоя Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ўз ифодасини топган.

Маълумки, 1992 йил 14 январь куни мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Туб ислоҳотлар натижаси​да замонавий, ихчам ва ҳа​ракатчан, яхши тайёрланган, мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал қилишга қодир миллий армиямиз шаклланди.

Эндиликда Ўзбекистон ўз армияси учун зарур кадрларни ўзида тайёрлаш салоҳиятига эга бўлиб, бугунги кунда Қуролли Кучлар академиясида 7 та, Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида 28 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер кадрлар, сержантлар тайёрлаш мактабларида эса 26 йўналиш ҳамда мутахассисликлар бўйича сержантлар тайёрланмоқда.

Замонавий талабларни, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучларнинг ташкилий-штат тузилиши принципиал жиҳатдан ўзгартирилди, тезкор-стратегик бошқарув, оператив тайёргарлик ва қўшинларни жанговар қўллашнинг ҳақиқий марказига айланган самарали бошқариш тизими яратилди. 1998-2002 йилларни қамраб олган даврда ҳарбий округлар тузилди, Давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлашнинг замонавий талабларга жавоб берадиган тизими шакллантирилди, ҳарбий операциялар амалга ошириладиган энг муҳим йўналишларда ҳаракатчан, яхши таъминланган бўлинмалар, биринчи нав​батда, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва одамларимизнинг тинч-осойишта ҳаётини бузишга қаратилган ҳар қандай ёвуз кучларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатларига қатъий зарба беришга қодир бўлган махсус бўлинмалар ташкил этилди.

Қуролли Кучлар қурилиши борасидаги режаларга мувофиқ, қўшинларни модернизация қилиш ва энг янги қурол-яроғ ва техника, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва вертолётлар, бронетанк қуроллари, артиллерия тизимлари, алоқа воситалари, алоҳида ва гуруҳ бўлиб ҳимояланиш воситалари билан қайта қуроллантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди.

Истиқлол йилларида ҳарбий хизматчилар учун замонавий турар-жойлар қуриш, мавжуд тураржой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчаларни қуриш ва реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2007 – 2015 йилгача мўлжалланган давлат дастурига асосан 6 мингга яқин ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланди. 2016 – 2025 йилгача мўлжалланган Давлат дастурига кўра ҳар йили 900дан зиёд ҳарбий хизматчи турар-жой билан таъминланиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфида замонавий тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозланган, малакали тиббий ходимлар фаолият олиб бораётган йигирмадан ортиқ даволаш-профилактика муассасалари, тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг бирламчи бўғини бўлган кўп сонли тиббиёт пунктлари, шу билан бирга ҳарбий санаториялар ва бошқа махсус ҳарбий-тиббиёт муассасалари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб боришмоқда. Ушбу кенг қамровли ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, Global Firepower ташкилоти қаторасига икки йил – 2015-2016 йилги рейтингида Ўзбекистон армиясини Марказий Осиёда энг кучли армия, дея эътироф этиб келмоқда.

Айни чоғда халқаро муносабатлар таркибидаги ўзгаришлар, дунёда кескинлик, можароларнинг янги ўчоқлари пайдо бўлиши, Марказий Осиё минтақасида ва жаҳонда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шунинг учун ҳам партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида бир қатор ғоялар илгари сурилади.

Сайловчиларни юртимиз сарҳадларини ҳар қандай хавф-хатарлардан ҳимоя этиш, хавфсизлик ва барқарорлик, халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашга бел боғлаган номзодимиз учун овоз беришга чақирамиз!

Тўлқин Каримов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мамлакатимиз мудофаа қобилияти янада мустаҳкамланади