
Миллий статистика қўмитаси мамлакатимиз аҳолисининг саломатлиги ва ҳаёт сифатига оид янги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонда 2024 йилда туғилишда кутилаётган умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшга етгани маълум бўлди. Бу кўрсаткич ўтган йилларга қараганда сезиларли даражада яхшиланганини англатади ва мамлакатимиз аҳолисининг ҳаёт шароитлари, тиббиёт хизмати сифати ҳамда умумий фаровонлик даражаси яхшиланиб бораётганидан далолатдир.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда туғилишда кутилаётган умр кўриш кўрсаткичлари охирги уч ўн йилликда изчил ўсиб бормоқда. Масалан, мамлакат мустақиллигининг илк йилларида, 1991 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 66,4 ёш бўлган эди. 1995 йилга келиб эса бу рақам сезиларли даражада ортиб, 69,1 ёшни ташкил қилди. XXI аср бошида, 2000 йилда 70,8 ёш, 2005 йилга бориб 71,8 ёшгача кўтарилди.
Ҳаёт давомийлигининг изчил ўсиши тенденцияси кейинги йилларда ҳам давом этган. 2010 йилга келиб умр кўриш давомийлиги 73 ёшни ташкил этди, 2015 йилда эса 73,6 ёшга етди. Қизиғи, 2020 йилда пандемия туфайли дунё бўйича бу кўрсаткичларда пасайиш кузатилганига қарамай, Ўзбекистонда фақатгина кичик бир пасайиш кузатилиб, 73,4 ёшни ташкил қилган эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимизда ҳаёт сифати ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, замонавий тиббий хизматларга фуқароларнинг қулайлик билан эришиши, соғлом турмуш тарзининг оммалашуви ва аҳоли орасида профилактика тадбирларининг кенг жорий қилиниши ушбу ижобий натижаларнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.
Тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари келгуси йилларда ҳам ушбу кўрсаткичларнинг янада яхшиланишини прогноз қилмоқда. Айниқса, замонавий технологиялар ва инновацион тиббий усулларнинг амалиётга кенг татбиқ этилиши билан бирга, аҳоли орасида соғлиқ маданиятини оширишга қаратилган кенг қамровли дастурлар бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда умр кўриш кўрсаткичининг бунчалик тез суръатларда ўсиб бориши нафақат мамлакат аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар самарасини кўрсатади, балки бутун халқимиз учун умидбахш келажак сари ташланган яна бир муҳим қадамдир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар