
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ очиб бериш ва халқаро авиақатновлар географиясини кенгайтириш йўлида навбатдаги муҳим қадам ташланди. “Uzbekistan Airports” компанияси ва дунёдаги энг нуфузли авиация хабларидан бири ҳисобланган Сингапурнинг Changi аэропорти вакиллари ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни ташкил этиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Сингапур томонидан катта қизиқиш
Changi Airport вакиллари Тошкент йўналишига кучли қизиқиш билдириб, бу йўналишни йўлга қўйиш учун амалий қадамлар тайёр эканини билдиришди. Уларга кўра, Сингапур сайёҳлик компаниялари Ўзбекистонни янги, ўзига хос ва бой маданиятга эга йўналиш сифатида кўриб, бу бозорга киришга алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Айниқса, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар хорижий сайёҳлар учун жозибадор манзил сифатида кўрилмоқда.
Тошкентнинг транзит марказ сифатидаги роли
Учрашувда Тошкент халқаро аэропортининг Европа ва Осиё ўртасидаги муҳим логистика нуқтасига айланаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Changi Airport мутахассисларининг фикрича, Тошкентнинг Европа шаҳарлари билан йўналишлар сони ортиши уни минтақадаги асосий транзит хаблардан бирига айлантириши мумкин. Бу нафақат Сингапур, балки бутун Жануби-Шарқий Осиёдан келувчи йўловчилар учун қулай ҳаво йўли шаклланишига туртки бўлади.
Ҳамкорликдаги кейинги қадамлар
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликка тайёр эканликларини тасдиқлашди. Ҳар икки томон логистика, маркетинг ва ҳуқуқий жараёнлар билан боғлиқ вазифаларни аниқ белгилаб, тўғридан-тўғри авиақатновни амалга оширишга доир кейинги амалий қадамларни муҳокама қилиб олди.
Таъкидлаш жоизки, Сингапур каби нуфузли халқаро авиа хаб билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши Ўзбекистон учун нафақат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда, балки мамлакатнинг сайёҳлик брендини глобал миқёсда мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Фото: Дунё «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар