
Италия Республикаси бош вазири Жоржа Мелони 28-29 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Италия ҳукумати расмий сайти орқали маълум қилинди. Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим масалалари муҳокама қилиниши, шунингдек, бир қатор келишувларга эришилиши кутилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу учрашувлар тарихий ва қадимий шаҳарлардан бири – Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Бу эса икки давлат раҳбарларининг нафақат сиёсий, балки маданий алоқаларни мустаҳкамлаш истагидан далолатдир.
Маълумки, аввалроқ Италия бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи апрель ойининг охирларига белгиланган эди, бироқ кутилмаган ҳолат – Рим папасининг вафоти сабаб бу ташриф қолдирилганди. Ўшанда Жоржа Мелони Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафари давомида нафақат икки томонлама музокаралар ўтказиши, балки Италия-Марказий Осиё саммитида ҳам қатнашиши режалаштирилган эди. Эндиликда ушбу ташриф амалга оширилади ва бу икки мамлакат муносабатларида янги тарихий саҳифа очиши мумкин.
Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда изчил ривожланмоқда. 2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италияга ташриф буюриб, Италия президенти Сержио Маттарелла ва бош вазир Жоржа Мелони билан самарали музокаралар ўтказган эди. Ўшанда икки давлат муносабатларида муҳим бурилиш содир бўлиб, Ўзбекистон ва Италия расман стратегик шериклар мақомига эга бўлди.
Бу тарихий воқеанинг мантиқий давоми сифатида 2023 йилнинг ноябрь ойида Италия президенти Сержио Маттарелла жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди ва икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янада мустаҳкамланди.
Бу галги ташриф доирасида ҳам иқтисодий, сиёсий, маданий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўтарилиши кутилмоқда. Шунингдек, томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги савдо айланмасини янада ошириш, сармоявий лойиҳаларни кўпайтириш ҳамда туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилишади.
Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга ташрифи орқали Самарқандда ўтказиладиган музокаралар ҳар икки давлат учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу ташриф Ўзбекистоннинг нафақат Италия, балки бутун Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳам муносабатларида муҳим ўрин тутадиган воқеа бўлади.
Шундай қилиб, 28-29 май кунлари Самарқанд шаҳри яна бир муҳим халқаро сиёсий воқеага мезбонлик қилади. Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги бу юқори даражадаги учрашув, шубҳасиз, икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очади ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада юқори даражага кўтаради. Бунинг натижасида Ўзбекистондаги италиялик компаниялар сони ортиши, савдо ва сармоя ҳажмлари янада кенгайиши мумкин.
Ҳар икки давлат раҳбарлари ҳам ушбу ташрифнинг самарали ўтишидан умидвор. Бу учрашув орқали, нафақат Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатлар, балки бутун Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга чиқиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Энди барчанинг диққати Самарқанддаги ушбу тарихий учрашувда бўлади. Италия бош вазирининг ташрифи натижасида қандай келишувлар имзоланади ва икки давлатнинг келажакдаги муносабатларига қай даражада таъсир кўрсатиши барча учун қизиқарли мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар