
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳоли учун тиббий хизматларнинг сифатини ошириш бўйича муҳим қарор қабул қилинди. Мамлакат президенти томонидан имзоланган янги ҳужжат соғлиқни сақлаш соҳасида яна бир муҳим босқични бошлаб беради ва аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни сифат жиҳатидан яхшилаш, замонавий тиббиёт тизимини яратиш мақсадида катта ўзгаришларга йўл очади.
Қарорда 2025 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатнинг 15 та туман ва шаҳарларида, шунингдек, 2026 йилнинг 1 январидан бошлаб Самарқанд вилоятида тиббиёт тизимини ташкил қилишнинг мутлақо янги модели жорий этилади. Мазкур янги модель тажриба-синов лойиҳаси сифатида амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг ортидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида янги босқичга ўтиш кўзда тутилмоқда.
Ислоҳотлар жараёнида асосий эътибор бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига қаратилган. Энди оилавий поликлиникалар тиббий хизматларнинг самарадорлиги ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишда марказий ўринни эгаллайди. Оилавий шифокор, педиатр, стоматолог, акушер-гинеколог ва бошқа мутахассисларнинг аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиши йўлга қўйилади, бу орқали тиббий хизматларга бўлган талаб янада тўлиқ қондирилади.
Янги тизим доирасида оилавий поликлиникалардаги шифокор ва тиббиёт ходимларининг малака даражасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг иш ҳақини муносиб тарзда таъминлаш бўйича янги механизмлар жорий этилади. Хусусан, 2025 йилнинг 1 июлидан бошлаб мамлакатдаги барча давлат тиббиёт муассасаларида махсус мураккабликка эга бўлган даволаш ишларини амалга оширадиган шифокорларга қўшимча устама тўловлари белгиланади. Ушбу устамалар ойлик маошнинг 25 фоизидан бошланиб, 100 фоизгача етиши мумкин бўлади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида аҳоли ва тиббиёт ходимлари ўртасида аниқ вазифалар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаб берувчи махсус келишувлар тузилади. Бу орқали тиббий хизмат сифатининг оширилиши ва аҳолига кафолатланган тиббий ёрдам пакетининг самарали таъминланиши кўзда тутилган. Аҳоли сони асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан харид шартномалари тузилади ва беморлар кафолатланган пакет доирасида зарур дори воситалари билан бепул таъминланади.
Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари мустақил давлат бошқарув органи сифатида ташкил этилиб, улар ўзининг шахсий ғазна ҳисобварағига, давлат герби туширилган муҳрига ва мустақил балансга эга бўлади. Бу эса туманлардаги тиббиёт муассасалари фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастури ҳисобланади. Ушбу дастур доирасида 2025 йил 1 июндан бошлаб, мамлакатдаги тиббиёт муассасаларида аҳоли учун қулай шароитларни яратиш бўйича тезкор тадбирлар бошланади. Хусусан, тиббиёт муассасаларида қулай кутиш заллари ва онлайн ёзилиш имкониятлари кенгайтирилади. Шу билан бирга, "Она ва бола" хоналари ташкил этилиб, санитария-гигиена хоналари замонавий талабларга мувофиқ таъмирланади ва жиҳозланади.
Ҳужжат билан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ҳамда марказий шифохоналар ходимлари шаффоф ва адолатли ўтказиладиган имтиҳонлар асосида ишга қабул қилиниши йўлга қўйилади. Бу эса тиббиёт ходимларининг малакасини баҳолашда адолатлилик ва объективликни таъминлайди.
Умуман олганда, бу қарор мамлакатда тиббиёт соҳасидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлиб, аҳолининг соғлиғини сақлаш борасида янги босқични бошлаб беради. Янги ислоҳотларнинг асосий мақсади — ҳар бир инсонга юқори сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш ва мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини янада ривожлантиришдан иборатдир. Бу жараёнларнинг натижаси сифатида келажакда аҳолининг ҳаёт сифати яхшиланишига ва мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими янада такомиллашишига умид қилинмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар