
Бугунги кунда YouTube платформаси орқали пул ишлаш имконияти дунёнинг 108 та давлатида мавжуд, аммо Марказий Осиёда ушбу имкониятдан фақат Қозоғистонда фойдаланиш мумкин. Ўзбекистонлик контент яратувчилар эса ҳанузгача ушбу имкониятдан маҳрум бўлиб қолмоқда. Агар Ўзбекистонда ҳам монетизация тизими ишга туширилса, бу нафақат маҳаллий блогерларнинг даромадларини оширади, балки мамлакатда рақамли иқтисодиёт ва креатив индустриянинг кескин ўсишига туртки бўлиши мумкин.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда креатив индустрия билан шуғулланувчи 9,6 мингга яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар 84 мингдан зиёд мутахассисларни бирлаштирган ҳолда, мамлакат иқтисодиётига сезиларли ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳукумат томонидан белгиланган стратегик мақсадга кўра, 2030 йилга келиб, креатив саноатнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги (ЯИМ) улушини 5 фоизга етказиш кўзда тутилган. YouTube монетизациясининг Ўзбекистонда ишга туширилиши мазкур мақсадга эришишда муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, YouTube монетизацияси Ўзбекистонда жорий қилинса, маҳаллий реклама бозорининг ҳажми сезиларли даражада кенгаяди. Масалан, 2024 йилда Ўзбекистонда реклама бозорининг умумий ҳажми 2,1 триллион сўмни ташкил этади. Ушбу миқдорнинг 29 фоизи (тахминан 600 миллиард сўм) рақамли реклама ҳиссасига тўғри келади. Бунда ташқи реклама 20 фоизни, телевидение рекламаси эса 51 фоизни ташкил қилади.
Агар YouTube монетизацияси Ўзбекистонда ёқилса, бу реклама бозорида рақамли сегмент улушининг янада ўсишига сабаб бўлади. Бу эса нафақат йирик бизнеслар, балки кичик тадбиркорлар ва контент яратувчилар учун ҳам янги имкониятларни очиб беради. Бундан ташқари, янги ва истеъдодли блогерларнинг сони кескин ошиб, мамлакатда креатив саноатнинг ривожланиши учун қулай муҳит яратилади.
Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, YouTube платформасининг монетизацияси ёқилган тақдирда, ўзбекистонлик блогерларнинг умумий йиллик даромади 30 миллион доллардан 50 миллион долларгача бўлган катта ҳажмга етиши мумкин. Бу эса маҳаллий контент яратувчилар учун профессионал фаолият билан шуғулланиш имкониятини яратади ва уларнинг сонини янада кўпайтиришга ёрдам беради.
Ҳозирги вақтда ўзбекистонлик ютуберлар хорижий мамлакатларда монетизация орқали пул ишлаш учун турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу эса кўплаб истеъдодларнинг ўз потенциалини тўлиқ намоён этишига тўсқинлик қилмоқда. Агар Ўзбекистонда бу тизим амалга оширилса, контент сифатининг ҳам ошиб, томошабинлар сонининг янада кўпайишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, монетизация тизимининг ишга тушиши нафақат блогерларга, балки миллий иқтисодиёт учун ҳам катта фойда келтиради. Бунда янги иш ўринлари яратилади, рақамли реклама бозори янада кучаяди ва креатив саноатнинг мамлакат иқтисодиётидаги роли ортиб боради.
Шундай экан, YouTube монетизацияси Ўзбекистонда ишга туширилса, бу нафақат блогерларнинг даромадини кўпайтиради, балки мамлакатнинг креатив саноатини ҳам тубдан ўзгартириши мумкин. Бу соҳадаги имкониятларни қўлдан бой бермаслик ва рақамли иқтисодиётдаги юқори натижаларга эришиш учун мазкур тизимни тезроқ жорий этиш жуда муҳим ҳисобланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар