date
views 4 909

Ўзбекистонда таълим сифати паст бўлган мактаблар очиқланди!

Ўзбекистонда таълим сифати паст бўлган мактаблар очиқланди!
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатимизда таълим даражаси паст бўлган мактабларнинг навбатдаги янгиланган рўйхати тасдиқланди. Ушбу рўйхатга умумий ҳисобда республика бўйича 460 та мактаб киритилди. Афсуски, бу кўрсаткич мамлакатимизда таълим тизимида ҳали ҳам жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Айниқса, таълим сифати паст бўлган мактабларнинг энг кўп сони Қашқадарё вилоятига тўғри келади. Қашқадарёда жами 99 та мактаб шундай мактаблар рўйхатига тушган. Бу эса, вилоятда таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ҳали кўп ишларни амалга ошириш зарурлигини англатади.

Қашқадарёдан кейинги ўринларни Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари эгалламоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида 86 та мактаб таълим сифатининг пастлиги туфайли рўйхатга тушган бўлса, Сурхондарё вилоятида 70 та мактаб шу ҳолатга тушиб қолган.

Республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги вазият ҳам қониқарли эмас. Хусусан, Жиззах вилоятида – 36 та, Наманганда – 34 та, Сирдарёда – 32 та, Фарғонада – 29 та, Қорақалпоғистонда – 24 та, Андижонда – 23 та, Навоийда – 16 та, Хоразмда – 9 та ва Бухоро вилоятида эса 5 та мактаб таълим сифати паст бўлгани сабабли ушбу махсус рўйхатга киритилган.

Халқ таълими инфо портали маълумотларига кўра, охирги икки йил ичида бу каби мактабларнинг сони қисқарган. Жумладан, 2023 йилда таълим сифати паст бўлган мактаблар сони 642 та бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 545 тани ташкил қилган эди. Бугунги кунда бу мактаблар сони 460 тагача қисқарган. Лекин бу рақам ҳали ҳам катта бўлиб қолмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадида, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ўқитувчиларга махсус моддий рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда. Яъни, таълим сифати паст бўлган мактабларга жалб этилган малакали ўқитувчиларга қўшимча устамалар берилади.

Таълим сифати паст бўлган мактабларни аниқлаш жараёнида бир қанча муҳим мезонлар эътиборга олинади. Улар орасида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари, мактабларнинг умумий рейтинги ҳамда “Замонавий мактаб” стандартларига мувофиқлик даражаси каби кўрсаткичлар бор.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мунтазам равишда олиб бориладиган мониторинг натижаларига кўра, бу мактабларнинг аксарияти олис қишлоқ жойларида жойлашган бўлиб, таълим инфратузилмаси ва ўқувчи-ўқитувчи муносабатида жиддий муаммолар борлиги кузатилади.

Келгусида ушбу мактабларнинг таълим даражасини яхшилаш учун давлат томонидан янада самарали чора-тадбирлар кўрилиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиздаги ёш авлоднинг келажагини таъминлаш ва Ўзбекистоннинг билимли жамиятга айланиши йўлида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда таълим сифати паст бўлган мактаблар очиқланди!