Байрам арафасида 9 ҳудудда сел келиши мумкин

Ўзгидромет жорий йилнинг 26 май — 1 июнь кунлари республика ҳудудида кузатилиши мумкин бўлган ноқулай об-ҳаво юзасидан тезкор огоҳлантириш билан чиқди. Маълум қилинишича, кучли ёмғирлар ёғиши сабабли тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли мавжуд.
Огоҳлантиришга кўра, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманларида сел келиши мумкин. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Музробот туманлари ҳам хавфли ҳудудлар қаторига киритилди.
Самарқанд вилоятида Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой ва Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманларида ҳам сел-сув тошқини хавфи борлиги айтилди.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида ҳам хавф юқори экани билдирилди.
Шунингдек, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари ҳамда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонабод шаҳрида сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Мутахассислар тоғ олди ва тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли, дам олувчилар ҳамда ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлишни, хавфсизлик чораларига қатъий амал қилишни сўрамоқда. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда ёмғир сувлари йиғилиши оқибатида ҳудудларни сув босиши эҳтимоли ҳам мавжудлиги таъкидланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!