
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган янги фармон билан, мамлакатимизда 2025 йилнинг 1 июлидан бошлаб пенсиялар, нафақалар, шунингдек, болаларга нафақалар ва кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдам миқдори сезиларли даражада ошириладиган бўлди.
Ҳукумат томонидан тасдиқланган мазкур фармонда қайд этилишича, 2025 йилнинг 1 июлидан бошлаб ёшга доир энг кам пенсия миқдори 918 минг сўм этиб белгиланди. Бу кўрсаткич аввалгига нисбатан 10 фоизга юқори ҳисобланади. Шунингдек, ногиронлик бўйича тайинланган энг кам пенсия миқдори 1 млн 12 минг сўмга етказилади.
Фармонда кам таъминланган оилалар учун ҳар ойлик болалар нафақалари миқдори ҳам аниқ белгилаб берилган. Эндиликда 3 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун ойига 360 минг сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанд учун ойига 275 минг сўм нафақа тўланади. Шу билан бирга, оиладаги иккинчи болага қўшимча сифатида 165 минг сўм, учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанд учун эса 110 минг сўм тўланади.
Кам таъминланган оилаларга ажратиладиган моддий ёрдамнинг ойлик миқдори ҳам 420 минг сўмгача оширилади. Мазкур ўзгаришлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг турмуш даражасини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақлари ҳамда стипендиялари ҳам 10 фоизга оширилади. Ушбу санада базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 412 минг сўм деб белгиланиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори эса 1 млн 271 минг сўмни ташкил қилади.
Ҳукумат томонидан тасдиқланган фармонга кўра, иш ҳақлари, пенсиялар ва нафақаларни ошириш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Фармонда, шунингдек, хусусий секторда меҳнат фаолияти олиб бораётган фуқароларнинг тўлов қобилиятини ошириш мақсадида иш берувчиларга тавсиялар ҳам берилган. Уларга ўз ходимларига ойлик иш ҳақини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган даражада белгилаш тавсия этилади.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом этмоқда. Охирги марта мамлакатда иш ҳақлари, пенсия ва нафақалар 2024 йилнинг 1 сентябрида 15 фоизга оширилган эди.
Ҳукуматнинг янги фармони бу сафар ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилади. Бунинг натижасида кўплаб оилаларда иқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланиб, кундалик ҳаёт сифатининг яхшиланиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар